Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 25 октябрь куни партиядан номзод, амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг президентлик сайловидаги ғалабасини нишонлади. Тадбир пойтахтдаги Humo Arena мажмуасида бўлиб ўтди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Марказий сайлов комиссияси дастлабки натижаларга кўра, Ўзбекистон президенти сайловида Шавкат Мирзиёев сайловда қатнашганлар умумий сонининг 80,1 фоиз овози билан ғалаба қозонганини эълон қилиши йиғилганлар томонидан хурсандчилик ва олқишлар билан кутиб олинди.

Тадбирда Шавкат Мирзиёев сўзга чиқиб, ўзига билдирилган юксак ишонч учун Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирди.

«Шундай улуғ халқнинг ишончи мен учун катта бахт! Менга шунча ишонч билдириб, қўллаб-қувватлагани учун барча партиядошларимга, ёшларга, азиз фарзандларимга, мунис оналарим ва нуроний оталаримизга таъзим қилиб, раҳмат айтаман. Бу ишонч менга куч бағишлайди. Шу билан бирга, ички дунём билан сезаманки, бу жуда катта масъулият ва жавобгарлик», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳозирги таҳликали замонда мураккаб синовлар кўп бўлгани, халқимиз жипслашиб, фидойилиги ва меҳнатсеварлиги билан улкан натижаларга эришаётгани қайд этилди.

«Охирги беш йилда қандай-қандай синовларни бошимиздан ўтказдик. Биз бу синовларда тобландик. Бир биримизга меҳримиз ошди. Жипслашдик. Халқимиз бирлашса, нималарга қодирлигини бутун дунё яна бир марта кўрди, — деди президент.

Бу йилги сайлов илк бор Сайлов кодекси асосида, демократик руҳда, очиқ-ошкора ўтгани таъкидланди.

«Кўплаб давлатлардан, катта халқаро ташкилотлардан кузатувчилар келди. Улар хоҳлаган сайлов участкасига бориб, яратилган шароитларни, одамларимиз эртанги кунга бефарқ эмаслигини, сайловда фаол қатнашганини, оилалари билан келиб овоз берганини кўрди. Бу халқимизнинг руҳияти, кайфияти, сиёсий маданиятидан далолат. Жойлардаги учрашувларда одамлар ҳар бир соҳа бўйича, ўз шаҳри ёки тумани бўйича долзарб таклифларни билдираяпти. Танқидлар ҳам бўлаяпти. Бу ҳам ҳаётимиз ўзгаргани, демократик ислоҳотлар натижаси. Яна бир марта айтмоқчиман: орқага йўл йўқ. Энди Ўзбекистон фақат олға боради», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари барча хорижий ва маҳаллий кузатувчиларга, Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига, оммавий ахборот воситалари вакилларига раҳмат айтди.

Президент сайловида бошқа сиёсий партиялардан илгари сурилган номзодларга ҳам миннатдорлик билдирди.

«Уларнинг ҳам нияти — Ўзбекистонни ривожлантириш. Шунинг учун уларнинг дастуридаги халқимизга маъқул таклифларни албатта инобатга оламиз. Биз кеча рақобат қилган бўлсак, энди бир мушт бўлиб, ҳаракат қилишимиз керак. Мен халқимизнинг юксак ишончини оқлаш, орзу-умидларини ушалтириш, фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч-ғайратим ва салоҳиятимни сарфлашга ваъда бераман. Янги Ўзбекистонни ҳаммамиз биргаликда қурамиз», — деди Шавкат Мирзиёев

Фото

Фото: Президент матбуот хизмати.