Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати директори Баҳодир Юсупалиев МСК медиа марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида президент сайловларида овоз бериш эпидемиологик хавфсизлик нуқтаи назаридан қандай ўтгани ҳақида гапирди.

Унга кўра, овоз беришдан бир кун олдин сайлов учун ажратилган ҳар бир бинода вентиляция ва дезинфекция ишлари олиб борилди. Ҳар бир сайлов участкаси тиббиёт хоналари ҳамда зарур дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминланган, тиббиёт ходимларининг фаолияти учун шарт-шароит яратилган.

Сайловни ўтказишда 21 мингдан ортиқ соғлиқни сақлаш мутахассислари фаолият кўрсатди.

«Олинган маълумотларга кўра сайлов участкаларига ташриф буюрган шахсларнинг 53 нафарида тана хароратининг кўтарилиши аниқланиб, улар дарҳол бошқалардан алоҳида хонага (изоляторга) ажратилди, уларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди ва бир вақтнинг ўзида яширин овоз беришлари ташкил этилди», — деди Баҳодир Юсупалиев.

Президент сайловларида мамлакатдаги шифохоналарда даволанаётган беморлар ҳам фаол иштирок этди, деди у. Мамлакатдаги 150 дан ортиқ тиббиёт муассасаларида сайлов участкалари очилди.

Мустақил ҳаракатлана оладиганлар шифохона ҳудудидаги махсус тайёрланган хонада, ҳаракатлана олмайдиганлар эса махсус кўчма сайлов қутиларидан фойдаландилар, дея аниқлик киритди у.

Баҳодир Юсупалиевнинг қайд этишича, COVID-19 коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган шифохоналарда 25 та сайлов участкалари ташкил этилиб, шифохонада даволанаётган 3 минг нафар сайловчилар (беморлар) овоз беришлари учун имконият яратилди.