15 октябрь куни «Газета.uz» Safia қандолат маҳсулотлари тармоғи асосчиси Бекзод Самигжоновнинг яқинда қурилган янги заводини қутқаришни сўраб президентга мурожаат йўллагани ҳақда ёзган эди. Унинг сўзларига кўра, завод қурилган ер президент топшириғи билан берилган. Бироқ ернинг аввалги ижарачиси суд орқали ер ажратиш тўғрисидаги қарорни бекор қилишга эришган.

Тадбиркор завод қурилишига 40 млрд сўм сарфлангани, ушбу маблағнинг катта қисми Ислом банки лизинги эканини маълум қилди. Корхонани келгуси ойда ишга тушириш режалаштирилгани, чунки кредит бўйича тўловларни 2022 йилнинг январидан тўлашни бошлаш керак. Бекзод Самигжанов акс ҳолда ижара ва лизинг учун тўлай олмаслиги, бу эса 25 йиллик тарихга эга компаниянинг банкротлигига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Madina-Muxlisa Star ва «Боғишамол» истироҳат боғи

«Газета.uz» можаронинг иккинчи томони — Madina-Muxlisa Star компанияси билан боғланди. Компания юристи Шохруҳ Атажоновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, 2015 йилнинг 16 сентябрида Тошкентнинг аввалги ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг қарори билан компания Учтепа тумани Фозилтепа кўчаси 251-уй манзилида жойлашган 4,52 гектар майдондаги «Боғишамол» истироҳат боғи ҳудудидан фойдаланишга рухсат олди.

2016 йил 30 августда Madina-Muxlisa Star ва Тошкент ҳокимлиги ўртасида 49 йил муддатга — 2065 йил 16 сентябргача узоқ муддатли ер ижараси тўғрисида шартнома имзоланди. Ҳужжатга кўра, ер участкаси кўнгилочар тизимига эга маданият ва истироҳат боғи ташкил этиш учун берилган.

Лойиҳани амалга ошириш учун компания Миллий банкдан биноларни гаровга қўйиб, қарийб 3 миллион доллар кредит олди ва аттрационларни олиб келди. Ер майдонининг 3,5 гектарига боғ ҳудуди, 1 гектарига автотураргоҳ ташкил этган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 16 июнь куни Учтепа туманига ташриф буюриб, боғни 2018 йилнинг Наврўз (март)гача фойдаланишга топшириш ҳақида топшириқ берган эди. Буйруқ йиғилиш баённомаси сифатида тузилган, деди юрист.

Истироҳат боғи белгиланган муддатда ишга туширилди. Очилиш маросимида Тошкент ҳокимлиги вакиллари, ҳукумат аъзолари, жумладан, бош вазир Абдулла Арипов ҳам иштирок этди, деди у.

Компания юристининг айтишича, 2021 йил февраль ойида туман ҳокими Фарҳод Абдуллаев бошчилигидаги ички ишлар органлари ва ҳокимият вакиллари боққа ташриф буюрган, шундан сўнг автотураргоҳ зўрлик билан бузилган. Бу ҳудуд қурилишни бошлаган Safia компаниясига топширилган. Шу билан бирга, Шоҳруҳ Атажоновнинг қайд этишича, ҳокимлик ва бошқа органлар бузишни асослаш учун ҳужжатларни тақдим эта олмаган.

«Ноқонуний қарор»

Унинг сўзларига кўра, компания вазиятни ўрганиш чоғида пойтахтнинг янги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2019 йил 3 декабрдаги қарори билан истироҳат боғи ҳудудининг бир қисми захирага олинган ва ўша йилнинг 23 декабрдаги қарор билан ер Sofiya Qandolat учун қайта рўйхатга олингани ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга рухсат берилганини аниқлаган.

2021 йил март ойида Madina-Muxlisa Star компанияси Тошкент туманлараро маъмурий судига шаҳар ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва қурилишни тўхтатиб туриш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилган. Юристнинг сўзларига кўра, улар Safia қазиш ишларини бошлаган вақтида қурилиш ишларини тўхтатишга эришишган.

Юристнинг таъкидлашича, «Madina-Muxlisa Star» компанияси билан узоқ муддатли ижара шартномаси, шунингдек, 2015 йилдан бошлаб ер ажратиш тўғрисидаги ҳокимнинг қарори бекор қилинмагани учун ҳокимнинг ерни захирага олиш тўғрисидаги қарори ноқонуний қабул қилинган.

«2021 йил 7 апрелда биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Шундан сўнг Sofiya Qandolat қандай асосда қураётганини сўрадик ва ҳокимликдан ҳужжатларни судга топширишни сўрадик. 15 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида ҳокимлик адвокати 2021 йил 7 апрелда Тошкент шаҳар ҳокими томонидан имзоланган қарорни тақдим этди. Яъни Sofiya Qandolatга ер ажратиш тўғрисидаги қарор суднинг биринчи кунида қабул қилинган. Бунгача улар [ҳокимнинг] ерни захирага олиш тўғрисидаги қарори асосида қураётган эди», — деди Шоҳрух Атажонов.

У президентнинг 2018 йил 15 августдаги қарорига (ПҚ-5511) мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокими истисно тариқасида йил давомида — 2018 йил 15 августдан 2019 йил 15 августгача тўғридан-тўғри инвесторга ер ажратиш ҳуқуқига эга эканлигини эслатди. Бироқ Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу фармонга асосланиб, 2021 йил 7 апрелда Sofiya Qandolatга ер ажратиб берган. Юристнинг фикрича, ҳоким ўз ваколатлари доирасидан чиқиб кетган.

Компания вакилининг қайд этишича, биринчи инстантция суди 4 май куни Madina-Muxlisa Starнинг важларини апелляция муддати ўтганлиги сабабли рад этган. Аммо, қонунга кўра, маъмурий орган қароридан шикоят қилишда даъво муддати судланувчи мансабдор шахснинг қарорини олган кундан бошланади.

«Биз бу қарорнинг 2019 йилда қабул қилинганини билмасдик. Бу ҳақда бизга хабар берилмади. Биз бу ҳақда 2021 йилнинг феврал ойида билдик, чунки шаҳар ҳокимининг 2019 йилдан ерни захирага олиш ҳақидаги қарори Madina-Muxlisa Starга юборилмаган», деди у.

Суднинг иккинчи инстанцияси биринчи инстанция ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

«Биз Safia Qandolatни ер Madina-Muxlisa Starга тегишли экани, ҳоким қарори ўз кучини йўқотиш эҳтимоли юқорилиги, Safia Qandolat сўзларимизга эътибор бермай, ҳокимликнинг кўрсатма ва сўзларига ишониб, қурилиш ишларини давом эттираётгани ҳақида бир неча бор огоҳлантирганмиз», — деди юрист.

2021 йил 14 сентябрда Олий суд кассация инстанцияси ишни кўриб чиқди ҳамда 2019 ва 2021 йиллардаги ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топди.

«Ҳокимлик ер беришга ҳақли эмас»

Шохрух Атажонов ва Авазбек Шарипов. Human.uz видеосидан лавҳа.

Madina-Muxlisa Star раҳбари Авазбек Шарипов президентга мурожаатида компания истироҳат боғи қурилиши учун ҳудудни 2016 йилдаёқ олганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Сафиа қандолатчилик уйи асосчиси Бекзод Самигжонов ўз чиқишида «кўп нарсаларни ёлғон гапириб, тадбиркорлик соҳасида ёлғон ишларни қилган».

«Бундан олдин қарорингиз билан унга Шайхонтоҳур туманидан протокол чиққан. Ўша жойни танламасдан, Sofiya Qandolat бизнинг автотураргоҳ қилган жойимизга келиб, бу жойни эгаллади», — деди у.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, улар икки йилдан буён судма-суд сарсон қилмоқда.

«Бизга кўп адолатсизликлар бўлди. Ҳурматли президентимиз, ҳокимиятдан адолатсизлик кўп бўлади, бизга, тадбиркорга ёрдам беришмайди. Сизнинг гапингизнинг тескарисини қилишади ҳокимиятдагилар. Бизга ёрдам қўлини чўзишмасдан, «София»га ёрдам қўлини чўзишади», — деди у.

Авазбек Шариповнинг тасдиқлашича, истироҳат боғи қурилиши лойиҳасига 5 млн доллар сармоя киритилган ва ҳали 2,7 млн доллар миқдорида кредит мавжуд.

«Шу кунларда кредитларни тўлолмаяпмиз, қийналяпмиз. Ҳамма ёғимизни алғов-далғов қилиб, тупроқ қилиш ташлаган. „Мусор“ қилиб ташлаган ҳамма жойимизни. Агарда автотураргоҳ жойимиз бўлмаса, биз ҳеч қанақасига туристларни, меҳмонларни бошқа туманларнинг одамларини қабул қила олмаймиз», — деди тадбиркор.

Собиқ автотураргоҳ ҳудудида олиб борилаётган қазиш ишлари.

Боғ директорининг таъкидлашича, 2019 йилда Тошкент ҳокими ҳудудга ташриф буюриб, автотураргоҳи ерини Safia Qandolatга беришга қарор қилган. Унинг сўзларига кўра, ички ишлар органлари ходимлари уни бир неча бор сабабсиз ҳибсга олишган.

«Биз Олий судда Safia Qandolatни ютиб чиқдик. Ютиб чиққанимиздан кейин бизларга тазйиқлар бўлмоқда ва бошқа жойлардан, органлардан», — деди у.

Авазбек Шариповнинг айтишича, Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаевнинг ўзи тепасида туриб, буюриб, экскаваторни устига ҳайдаттирган, тайёр жойни буздириб, ерни завод қуриш учун Safiaга бердирган. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Safiaга туман ҳокими қарори билан яна 40 сотих ер майдони берилган. Ҳаммаси бўлиб Safia Qandolatга 0,8 гектар ер ажратилган бўлса, якунда компания 1,5 гектар ерни олган.

«Ҳокимият билан қандай қилиб келишишган, бу Худога аён. Буларнинг ерни беришга ҳеч қандай ҳаққи йўқ. Нимагаки биздан сўрамаган, иккинчи марта бизнинг еримизни олиб, хўжайинлик қилмоқда. Қайси асосга кўра?.. Суд бизнинг жойимизни бекор қилиб, кейин биздан олиши мумкин бу нарсани [эгалик ҳуқуқимизни]», — деди у.

Авазбек Шарипов президентдан бу иш бўйича адолатли қарор қабул қилишни сўради.

Аттракционлар ва турар-жой мажмуаси

Фото: Poul Yak / Google.

«Газета.uz» Madina-Muxlisa Starнинг 2020 йил 16 апрелда Маданият вазирлигига юборган хатини қўлга киритди. Унда компания раҳбари аттракционлар кредит маблағлари эвазига сотиб олингани, бироқ уларнинг баъзилари боғнинг чекка жойларига ўрнатилгани сабабли тегишли органлар фойдаланишга рухсат бермагани қайд этилган. У маданият ва истироҳат боғи жорий ҳолатида ўз фаолиятини давом эттира олмаслиги, уни қайта ташкил этиш имконияти йўқлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан тадбиркор ушбу ҳудудда кўп қаватли турар-жой мажмуаси, меҳмонхона, савдо-кўнгилочар мажмуаси қуриш бўйича Маданият вазирлигига таклиф киритди. Шу билан бирга, маданият саройи қуриш, бўлажак турар-жой мажмуасидан Маданият вазирлигига 10 та хонадон ажратишни ҳам режалаштирган. Вазирлик истироҳат боғи ҳудудида кўп қаватли уй қуришни ноўрин, деб ҳисоблади.

Қайд этиш жоизки, хатда Madina-Muxlisa Star раҳбари Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 3 декабрдаги 1,2 гектар автомобиллар тўхташ жойини шаҳар ҳокимлиги захирасига ўтказиш тўғрисидаги қарорини тилга олган.

Учтепа тумани ҳокимлиги

20 октябрь куни Учтепа тумани ҳокимлиги матбуот хизмати давом этаётган можаро ҳақида видеоролик эълон қилди. Лавҳада президент ташрифи давомида бир қанча вазифалар белгилаб берилгани, жумладан, туман аҳолисининг спорт мажмуаларини кўпайтириш бўйича таклифлари маъқуллангани айтилади.

«2016 йилда боғни бошқариш учун ер Madina-Muxlisa Starга берилган. Аммо компания бир неча йиллардан буён ушбу ердан самарасиз фойдаланиб келгани сабабли, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 3 декабрдаги қарори билан ер участкаси Тошкент шаҳар захира фондига ўтказилган», — дейилади хабарда.

Ушбу қарордан сўнг «Боғишамол» боғи ёнидан 8 сотих ер майдони спорт мажмуаси қуриш учун ҳокимлик қошидаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига ажратилган, бунга Madina-Muxlisa Star раҳбари қарши чиққан.

Лавҳада «Чўпон ота» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зойирбек Соатовнинг тадбиркорни аҳолининг хоҳиш-истаклари билан қизиқмаётгани учун қоралаган сўзлари келтирилган. Улардан баъзилари спорт билан шуғулланиш учун фарзандларини бошқа ҳудудларга олиб боришга мажбур бўлаётганини таъкидлади.

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов Ер кодексининг 36-моддасига асосланиб, ер участкасининг тўлиқ ёки бир қисмига эгалик қилиш ёки доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкаси ижараси икки йил давомида фойдаланилмаган тақдирда тугатилиши маълум қилди.

Унинг қайд этишича, давлат спорт мажмуаси қурилиши ва жиҳозлар учун аллақачон маблағ ажратган. Унинг сўзларига кўра, одамлар учун спорт мажмуасининг мавжудлиги муҳимроқ, чунки яқин атрофда бундай иншоот йўқ.

Видеоролик сўнггида ҳокимлик «Сафиа» қандолат фабрикаси қурилиши, бу ерда 500 та иш ўрни яратиш режалаштирилгани таъкидланади (компания таъсисчиси 4000 та иш ўрни ҳақида маълум қилган эди).

20 октябрь куни Олий суд кассация шикоятини Safia фойдасига ҳал қилди. Madina-Muxlisa Star қарор устидан шикоят қилмоқчи.