Давлат божхона қўмитасининг Хоразм вилояти божхона бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ўтказган тезкор тадбирда қуйма платина ва симоб суюқ металининг ноқонуний олди-сотдисига чек қўйилди. Бу ҳақда ДБҚ матбуот хизмати хабар қилди.

Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган шахс оғирлиги 1 кг. 22 гр.ни ташкил қилувчи 1 дона платина қуймасини ҳамда салкам 514 гр. оғирликдаги заҳарли симоб моддасини сотишга уринган вақтида ушлаб қолинди.

Режага кўра, ушбу шахс платина қуймасини 30 минг долларга, симобнинг ҳар бир грамини 1000 доллардан ҳисоблаб, жами 500 минг долларга сотишни кўзлаган.

Мазкур ҳолатда қонунбузар шахсдан белгиланган тартибда олиб қўйилган платина ва симобнинг умумий қиймати 1 млрд 128,5 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.