24 октябрь, якшанба куни, Ўзбекистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Сайловда Ўзбекистонда рўйхатга олинган бешта партияларнинг номзодлари иштирок этмоқда.

Сайлов участкасини қандай аниқлаш мумкин? Сайлов бюллетени қандай тўлдирилади? Уни суратга олиш ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш мумкинми? Сайлов участкасига боролмайдиганлар нима қилиши керак? «Газета.uz» овоз бериш жараёни бўйича асосий сайловларга жавоб тайёрлади.

Сайлов участкасини аниқлаш

Сайловдан бир неча кун олдин сайлов участкалари сайлов вақти, куни ва жойи тўғрисида сайловчиларни хабардор қилиш учун таклифномаларни тарқатади. Таклифнома берилмаган бўлса ҳам сиз бемалол 24 октябрь санасида сайловда иштирок этишингиз мумкин.

Қоидага кўра, сайловчилар доимий яшаш жойлари бўйича сайлов участкаларига бириктирилади ва ўша ерда овоз беришлари мумкин бўлади. Доимий яшаш ҳудудидан бошқа вилоятга келиб ўқиётган талабалар ўзларининг ОТМларида ташкил этилган сайлов участкасида овоз беришлари мумкин.

Сайлов участкасини Марказий сайлов комиссияси сайтида ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аниқлашингиз мумкин. «Газета.uz» бу ҳақда батафсил қўлланмани эълон қилган эди.

Сайловдан олдин сайлов участкангизни ўзгартирган бўлсангиз, унда ўзгартирилган участкада овоз бериш керак бўлади.

Сайлов куни

Сайлов кодексига мувофиқ, овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20:00 гача ўтказилади.

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади.

Сайлов участкасига қуйидаги шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардан бири билан бориш лозим:

  • фуқаролик паспорти;
  • хорижга чиқиш учун биометрик паспорт;
  • ID-карта;
  • ҳарбий гувоҳнома;
  • янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси;
  • фуқаролик паспортини йўқотган фуқароларга ички ишлар органлари томонидан берилган вақтинчалик маълумотнома;
  • жазони ўтаб бўлганлик ёки жазодан озод қилинганлик тўғрисидаги маълумотнома.

Овоз бериш биносига келгач, сайловчи участка сайлов комиссиясининг аъзосига шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Бирон-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилияси кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.

Сайловчи рўйхатдан ўтгач унга сайлов бюллетени берилади. Ҳар бир сайловчи ўзи учун овоз беради ва бошқа шахс учун овоз бермоқчи бўлган сайловчига сайлов бюллетенини бериш таъқиқланади.

Сайловчининг илтимосига биноан сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафарет берилиши мумкин.

Сайловчи сайлов бюллетенини яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради. Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши таъқиқланади.

Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли. Бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно.

Сайлов бюллетенини тўлдириш

Сайлов бюллетенида сайлов санаси, президентликка номзодлар ҳақида маълумотлар, овоз бериш учун бўш квадрат ва сайловчиларга эслатмалардан иборат маълумотлар бўлади.

Сайлов бюллетенлари давлат тилида, шунингдек округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан тегишли округ аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тилларда нашр этилади.


2021 йилги президентлик сайловларида ишлатиладиган бюллетень намунаси. Фото: Марказий сайлов комиссияси.

Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «√» ёхуд «х» белгисини қўяди.

Муҳим: Овоз бериш чоғида биттадан ортиқ квадратга «+» ёки «√» ёхуд «х» белгиси қўйилса ёки битта ҳам квадратга бундай белги қўйилмаган бўлса, бундай сайлов бюллетени ҳақиқий эмас деб топилади ва овозларни санашда у инобатга олинмайди.

Агар сайлов бюллетенини бузиб қўйсангиз, уни янгисига алмаштиришни илтимос қилишингиз мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, овозларни санаб чиқиш жараёнида бекор қилиниши (юқори чап бурчагини кесиш ёки сайлов бюллетенининг орқа томонида тегишли белги қўйиш йўли билан) ва алоҳида сақланиши лозим.

Овоз берувчи сайлов бюллетенини тўлдириб бўлгач, уни сайлов қутисига ташлайди.

Сайлов бюллетенини суратга олиш мумкинми?

Сайлов бюллетени ёки сайлов участкасини (ташқаридан ёки ичкаридан, шу жумладан овоз бериш кабинаси ёки хонаси ичида) суратга олиш бўйича тақиқлар йўқ.

Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, сайлов бюллетенини тўлдирилган ҳолатда суратга олиб, уни ижтимоий тармоқларга тарқатиш қатъиян тақиқланади.

«Сайлов бюллетенини овоз бериб бўлгач суратга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаштириш сайловнинг яширин овоз бериш принципини бузиш демакдир», — дейилади МСК хабарида.

Сайлов участкасига бора олмайдиган фуқаро қандай овоз беради?

Айрим сайловчилар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни ушбу сайловчиларнинг сайлов куни ёки сайлов кунига қадар қилган ёзма ёки оғзаки илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этади.

Участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига юборилади, улар сайловчининг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди. Бунда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин.

Сайлов жараёнида қоидабузарликларга йўл қўйилганигига гувоҳ бўлсангиз, 1200 рақамига қўнғироқ қилиб, ўз шикоятингизни қолдиришингиз мумкин.