21 октябрь куни Халқаро медиа холда «Аҳолининг ижтимоий муҳофазаси: долзарб масалалар» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаев аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш масалалари тўғрисида фикр билдирди.

«Бу йил ёзда коронавирус яна кучайганда биз бундан анча енгил ўтдик. Чунки тайёргарлигимиз жуда ҳам шай ҳолатга келтирилган эди. Бир нарсани Ўзбекистон халқи, фуқаролари тушуниб етдики, бу бало ҳали тез кетадиган муаммо эмас», — дейди у.

Беҳзод Мусаевнинг сўзларига кўра, «коронавирусни енгишнинг бирдан-бир йўли аҳолини оммавий вакцина билан эмлаш».

«Шу нуқтайи назардан қарайдиган бўлса барча дунёда энг яхши чиққан, ЖССТ томонидан тасдиқланган вакциналарнинг барча тури Ўзбекистон ҳудудига етказиб келинди. Ҳозир қайси бир оилавий вакцинага чиқилса фуқаролар бемалол вакцинани танлаб олиш ҳуқуқига эга. Ҳозир аҳолининг ёш нуқтайи назаридан 18 ёш ва ундан юқори қатламни вакциналашга тўғри келса, 35 млн аҳолимиздан 21 млни вакцина олиш керак», — дея қўшимча қилади у.

Бош вазир ўринбосари «Ўзбекистон жаҳондаги илғор мамлакатлар қаторида вакциналаш жараёни бўйича жуда юқори кўрсаткичларга эга бўлган мамлакат ҳисобланиб келаётганлигини» қайд этди.

«Бунинг тагида жуда катта меҳнат бор. Соғлиқни салаш, СЭС ходимларининг жуда катта машаққатли меҳнати. 3600 дан ортиқ эмлаш пунктлари республика бўйича шакллантирилди. Барчасини вакцинанинг сифати, ҳарорати таъминланиши учун керакли бўлган совуткич жиҳозлар, йўл жараёнида олиб келадиган совутловчи машиналар ҳаммаси келтирилди», — дейди у.

Беҳзод Мусаевнинг таъкидлашича, «Ўзбекистонда вакциналашга ёши тўғри келадиган аҳолининг 60 фоиздан юқориси эмлашга эришилди».

«Йил якунигача биз бу кўрсаткични 80 фоизга етказмоқчимиз. Жаҳонда бир статистика бор: агарда аҳолининг 70 фоизгача қатлами тўлиқ эмланган бўлса, бу коронавирусга қарши оммавий иммунитет шаклланган бўлади, деб айтилади. Биз Ўзбекистонда ушбу кўрсаткични 80 фоиздан юқорига эришишини таъминлаймиз», — дея қўшимча қилади бош вазир ўринбосари.

21 октябрь ССВ эълон қилган маълумотларга кўра, мамлакатда жами 24 млн 710 минг 357 доза вакцинадан фойдаланилди. 1 босқичда эмланган фуқаролар сони 13 млн 81 минг 265 кишини ёки эмланиши режалаштирилган аҳолининг 62,29%ни ташкил этади. 2 босқичда эмланганлар 7 млн 849 минг 760 киши (37,38%) бўлса, 3 босқичда эмланганлар 3 млн 779 минг 332 кишини ташкил қилди (18%).

18 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга қарши тўлиқ эмланган фуқаролар сони 5 млн 789 минг 691 кишини ташкил қилаётган эди. Бу эмланиши режалаштирилган аҳолининг 27,57%ни ташкил қилади.

Маълумот учун, 20 октябрга қадар Исроилда 61,20%, АҚШда 56,88%, Туркияда 55,78%, Буюк Британияда 66,47%, Россияда 32,47%, Қозоғистонда 37,77% аҳоли коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботиржон Қурбонов 2021 йилнинг июнгача мамлакат аҳолисининг 60 фоизигачасини эмлаш режалаштираётганини маълум қилган эди.

Аввалроқ, 1 ноябргача Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.