Ўзбекистон ҳукумати айни вақтда КХШТга қайтиш заруриятини кўрмаяпти, Россия ва Марказий Осиё давлатлари билан биргаликда аниқ террорчилик таҳдидларини акс эттиришни муҳим вазифа деб ҳисобламоқда, дея хабар қилди РИА Новости Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг пайшанба куни россиялик журналистларга берган интервьюсига таяниб.

«Бугунги кунда, масалан, қандайдир полклар, армиялар, дивизиялар Марказий Осиёга, Ўзбекистонга қарши қандайдир фронтал бостириб киради, деган тахмин билан Ўзбекистоннинг КХШТга қайтиши заруриятини кўрмаяпмиз», — деди Камилов мамлакатнинг КХШТга қайтиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

Вазир, ўз навбатида, Афғонистонда фаолиятини давом эттираётган ИД, Ал-Қоида, «Хуросон» сингари террористик ташкилотларнинг таҳдид ва ҳужумлари эҳтимолини истисно қилмади. «Шунинг учун бугун биз вазифани ҳатто янада долзаброқ кўрмоқдамиз, бу қандайдир катта урушга тайёргарлик эмас, КХШТ эса, бу — жуда катта салоҳиятга эга, терроризм таҳдидининг аниқ чақириқларини ўз вақтида акс эттирадиган ташкилот», — деди Камилов.

Вазир сентябрь ойида Душанбеда бўлиб ўтган ШҲТ ва КХШТ қўшма мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистондаги вазият эскалацияси ортидан ушбу икки бирлашмага аъзо давлатлар махсус хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш тарафдори эканини таъкидлаганини эслатиб ўтди. «Ўз вақтида маълумот олиш, огоҳлантириш ва чек қўйиш. Бу бизнинг вазифамиз бўлиши керак. Шу билан бирга, Россия Федерацияси ва қўшни давлатлар билан фаол ўзаро муносабатлар мавжуд», — деди Камилов.

«Бироқ ҳодисалар, вазиятнинг қандай ривожланишини Худо билади. Ҳамкорлик шакллари ҳам ўзгариши мумкин», — дея қўшимча қилди Камилов.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2012 йилнинг декабрида КХШТдаги иштирокини тўхтатган. Ҳозирда ташкилотга Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзо.

Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида толиблар Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумни кучайтирди, 15 августда Кобулга кириб келди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди. Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остида бўлган Кобул аэропортидан Ғарб давлатлари фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар оммавий эвакуация қилинди. 31 августга ўтар кечаси америкалик ҳарбийлар Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий иштирокини тўхтатиб, Кобул аэропортини тарк этди. Сентябрь ойи бошида Афғонистоннинг биринчи «Толибон» ҳукмронлиги даврида ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган ва 2001 йилдан бери БМТ санкциялари остида бўлган Муҳаммад Ҳасан Охунд бошчилигидаги муваққат ҳукумат таркиби эълон қилинди.