Сенат гўшт ва картошка импортини ҚҚСдан озод қилишни маъқуллади

Сенаторлар йил охиригача гўшт маҳсулотлари, музлатилган балиқ, тирик ҳайвонлар ва картошка импортини ҚҚСдан озод қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Солиқ имтиёзлари ортидан бюджет 250 млрд сўмдан кўпроқ маблағни йўқотади.

Рамиз Усмонов Алишер Навоий театри раҳбари бўлди

Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига раҳбар этиб тайинланди.

«Йил охиригача 80 фоиз аҳоли коронавирусга қарши эмланади» — Беҳзод Мусаев

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Ўзбекистонда йил якунига қадар 80 фоиз аҳоли коронавирусга қарши эмланишини маълум қилди. У Ўзбекистон жаҳонда вакциналаш жараёни бўйича жуда юқори кўрсаткичларга эга бўлган мамлакатлар орасида эканлигини таъкидлади. ССВ маълумотларига кўра, 18 октябрь ҳолатига режадаги аҳоли қисмининг 27,57 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.

Энди унча оғир бўлмаган жиноятни содир этганлар ҳам фарзанд асраб олиши мумкин

Президент фарзанд асраб олиш тартибларини соддалаштиришга қаратилган қонунни имзолади. Унга кўра, ҳаётга, соғлиққа қарши, гиёҳвандлик ва бошқа жиноятларни қасддан содир этганлар бола асраб олиши мумкин эмас деб белгиланмоқда. Унча оғир бўлмаган жиноятни содир этган ва жазо муддатини ўтаганларга эса фарзанд асраб олишга рухсат берилади. Қолаверса, фарзандликка олувчи ва олинувчи ёшидаги фарқ 15 ёшдан кам бўлмаслиги шарт.

Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик глобал индексида Ўзбекистон 74-ўринни эгаллади

Ўзбекистон Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик глобал индексида 170 та мамлакат ичидан 74-ўринни эгаллади. Рейтинг аёлларнинг хавфсизлиги, уларнинг парламентдаги улуши, дискриминацион нормалар сингари категориялар асосида тузилган.

Қарийб 422 минг фуқаро сайловда муддатидан олдин овоз берди

Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, 14−20 октябрь кунлари президентлик сайловларида муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида жами 421 618 нафар фуқаро қатнашди.

561 та компания 123 млн долларлик валюта кредитларини сўмга ўтказишга рози бўлди — Марказий банк

Тижорат банклари томонидан валютада 1 млн долларгача қарзи бўлган (умумий қарздорлик 2,5 млрд доллар) 15 мингдан ортиқ корхоналарнинг хорижий валютада ажратилган кредитларни сўмга ўтказиш бўйича таклифлар юборилган. Марказий банк раисининг айтишича, 561 та компания валютадаги кредитларини сўмга ўтказишга розилик билдирган, лекин бу амалиёт келгусида ҳам давом этади.

«Толибон мафкурасини Ўзбекистонга олиб киришнинг умуман иложи йўқ» — Абдулазиз Камилов

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга толиблар мафкурасининг кириб келишидан хавфсирамаслигини таъкидлади. «Толиблар қандайдир мафкурани экспорт қилишни бошлашига жуда кўп вақт талаб этилади», деди у. Вазир ҳаракат ва унинг раҳбарларининг дунёқараши ўзгариб бориши мумкинлигини ҳам қайд этди.

«Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар ривожланиш чўққисида» — ТИВ раҳбари

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ҳозирда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар ўз ривожланишининг энг юқори чўққисида эканлигини таъкидлади. У, шунингдек, Ўзбекистонда рус тили миллатлараро мулоқот тили бўлиб қолаётганини, Россияда ўзбек тилига қизиқиш борлиги ҳақида қўшимча қилди. Вазир ноябрда бўлиши кутилаётган Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи учун катта ҳужжатлар тўплами тайёрланганлигини маълум қилди.

Ўзбекистонга Янгиобод ва Чоркесардаги уран майдонлари экологиясини қайта тиклаш учун €2 млн ажратилади

ЕТТБ бошқарувидаги Марказий Осиё учун Экологик қайта тиклаш ҳисоби Янгиобод ва Чоркесардаги эски уран шахталарини ёпиш учун 2 млн евро миқдорида грант ажратади.

Тошкент КХШТга қайтиш заруриятини кўрмаяпти — Абдулазиз Камилов

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча КХШТга қайтиш заруриятини кўрмаяпти, аниқ таҳдидларни акс эттириш вазифаси бор, дея маълум қилди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов. «Бироқ ҳодисалар, вазиятнинг қандай ривожланишини Худо билади. Ҳамкорлик шакллари ҳам ўзгариши мумкин», — дея қўшимча қилди у.

АҚШ ҳарбийларини Ўзбекистонга жойлаштиришга зарурат йўқ, Вашингтонда бу ҳақда билишади — ТИВ

ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов АҚШ ҳарбийларини Ўзбекистонга жойлаштириш имкониятлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикчилик тўғрисидаги декларациясида «ўзаро муносабатларимиз чегаралари» белгилаб берилганини эслатди. «Кўплаб сиёсий маслаҳатлашувларда америкаликларга бу нарса Ўзбекистон учун мутлақо қабул қилинмаслиги етказилган», — деди вазир.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

«Қонун қабул қилинишини бир неча йиллардан бери кутаётгандик». Ногиронлар, Карлар ва Кўзи ожизлар жамиятлари Сенатга мурожаат қилди

Ногиронлар, Карлар ва Кўзи ожизлар жамиятлари сенаторлар рад этган «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунни маъқуллашни сўраб, Сенатга мурожаат қилди. Унда имконияти чекланган шахслар ушбу қонунни бир неча йилдан бери кутаётгани, аслида «бошидан ўтказган» инсонгина ҳолат қандайлигини билиши таъкидланган. Жумладан, сўнгги 3 йилда Карлар жамияти корхоналарининг даромади 5 бараваргача тушиб кетгани, улардаги ишчилар сони эса 2000 йилдаги 4900 кишидан 2020 йилга келиб 1479 нафарга камайгани айтилган.