Ўзбекистонда хотин-қизлар, ёшлар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга маслаҳатлар бериш, амалий кўмак кўрсатиш мақсадида фаолият юритадиган Хотин-қизлар маслаҳат гуруҳлари (ХМГ) ташкил этилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги БМТ Тараққиёт дастурининг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва маҳаллий бошқарув даражасини ошириш» қўшма лойиҳаси доирасида тузилаётган Хотин-қизлар маслаҳат гуруҳлари Ўзбекистоннинг етти туманида тажриба тариқасида ташкил этилмоқда.

Таъкидланишича, мазкур ташкилот фаолияти Латвиянинг «Марта» номли маслаҳат маркази тажрибаси асосида йўлга қўйилмоқда.

«Марта» 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, хотин-қизлар, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келади. Ижтимоий хизматлар, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш орқали оиладаги зўравонлик ва одам савдоси қурбонига айланган аёлларни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, ёшлар ва эркаклар билан ишлаш орқали зўравонликнинг олдини олиш билан шуғулланади ҳамда зарур таркибий ўзгаришларга эришиш учун сиёсий майдонда ҳам, умуман кенг жамоатчилик билан ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиб, гендер тенгликни доимо ҳимоя қилади, дейилади хабарда.

Мазкур мақсадларни амалга ошириш учун БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Латвия Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан меморандум имзолаган. Унга мувофиқ, Тараққиёт дастури мутахассислари Латвиянинг «Марта» маркази билан қўшма тадбирлар режасини ишлаб чиқди.

Латвиянинг «Марта» маркази экспертлари иштирокида Тошкентда семинар-тренинглар ўтказилди. Таъкидланишича, шундай тадбирлар эндиликда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ва бошқа ҳудудларда бевосита Хотин-қизлар маслаҳат гуруҳларида фаолият юритадиган ходимлар учун ўтказилади. Бунинг учун «Марта»нинг энг тажрибали экспертлари Ўзбекистонга ташриф буюради.

«Ўзбекистонда ташкил этилаётган Хотин-қизлар маслаҳат гуруҳлари хотин-қизлар, ёшлар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга зарур давлат хизматларини, керакли ҳужжатларни, уларнинг муддатларини ва ҳоказоларни аниқлашда ёрдам кўрсатади. Ижтимоий масалалар, психология, тадбиркорлик ва бошқа масалалар юзасидан ҳам бепул маслаҳатлар беради. Айнан ушбу мавзуларни содда қилиб тушунтириб берадиган буклет ва рисолалар тайёрлайди ва бепул тарқатади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, хотин-қизлар, ёшлар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун давлат хизматларидан фойдаланиш, компьютер саводхонлиги ва my.gov.uz орқали давлат хизматларидан фойдаланиш, тил ўрганиш курслари (рус, инглиз ва бошқа тиллар), бизнесни бошлаш/стартаплар, психологик хизматлар, ўз-ўзини банд қилиш ва кичик тадбиркорлик билан боғлиқ курслар (тикувчилик, пазандачилик курслари ва бошқа курслар), талабга кўра бошқа долзарб мавзулар бўйича ўқув курслари ташкил этилади.