Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Рио-2016 Олимпия ўйинлари совриндори Диёрбек Ўрозбоевдан олинган допинг-синамада тақиқланган модда аниқланган. Бу ҳақда Миллий антидопинг агентлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 6 май куни спортчидан мусобақадан ташқари даврда допинг-синама олинган.

Текширув натижасида спортчи томонидан Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида кўрсатилган антидопинг қоидабузарлиги содир этилган яъни «Meldonium» тақиқланган моддаси истеъмол қилинганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, «Meldonium» тақиқланган моддалар рўйхатининг S4. Гормонлар ва метаболизм модуляторлари синфига мансуб ҳисобланади.

Натижада Диёрбек Ўрозбоев 3 йил муддатга дисквалификация қилинди. Дисквалификация жорий йил 16 августдан 2024 йил 15 августга қадар этиб белгиланди.

Дзюдочи халқаро ва миллий тоифадаги мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Май ойи бошида боксчи Бектемир Мелиқўзиев 4 йилга барча миллий ва халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Маълумотларга кўра, спортчидан олинган допинг-тестида «фуросемид» тақиқланган моддаси аниқланган.

«Газета.uz» допинг сабабли бутун умрга дисквалификация қилинган спортчилар ҳақида мақола эълон қилган эди.