Пандемия бошидан 2021 йилнинг май ойига қадар дунё бўйлаб 100 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари коронавирусдан вафот этган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ижрочи директори Тедрос Гебрейесус маълум қилди, дея хабар бермоқда РИА.

ЖССТ ва ташкилотнинг ҳамкорлари томонидан қўшма ҳисобот эълон қилинди. Унда мамлакатлар шифокорларни корорнавирусдан ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришга чақирилган.

«ЖССТнинг янги ишчи ҳужжатига кўра, 2020 йилнинг январидан бошлаб жорий йилнинг май ойига қадар 115 минг тиббиёт ходимлари COVID-19`дан вафот этган бўлишлари мумкин. Шунинг учун ҳам, тиббиёт ходимлари биринчи навбатда эмланишлари лозим», — деди ЖССТ раҳбари брифингда.

Унинг сўзларига кўра, 119 та мамлакатдан олинган маълумотларга кўра, ўртача дунёдаги ҳар беш тиббиёт ходимидан иккитаси тўлиқ эмланган. «Албатта, ушбу ўртача кўрсаткич ортида минтақалар ва иқтисодий гуруҳлар ўртасидаги йирик тафовутлар яшириниб ётибди», — дея таъкидлади ЖССТ директори.

Унинг маълумотларига кўра, Африкада тиббиёт ходимларининг эмланиш даражаси жуда паст, юқори даромадга эга аксарият мамлакатларда эса тиббиёт ходимларининг 80% коронавирусга қарши эмланган.