18 октябрь куни Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтнинг 12 та қадимий дарвозасини тиклаш ва унинг жойлашган координаталарини тасдиқлаш тўғрисида қарорни имзолади. Ушбу қарор «E-qaror» порталида эълон қилинди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги «Рақамли ривожланиш департаменти» МЧЖ томонидан Тошкент шаҳрининг 12 та қадимий дарвозаларининг координаталари аниқланган. Бу учун архив хариталари замонавий хариталарга боғланган.


«Газета.uz» ушбу қадимий дарвозаларнинг аниқ жойлашуви ва уларни аниқлаш бўйича ўтказилган тадқиқот ҳақида мақолани тақдим этган эди.

Пойтахт ҳокимининг қарорига мувофиқ, қадимий дарвозаларни тиклаш ва қуриш бўйича Тошкент шаҳар ишчи гуруҳи тузилади. Гуруҳ уч ой муддатда қадимий дарвозаларнинг намунавий лойиҳаларини тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиб, ишлаб чиқиши лозим.

Қадимий дарвозаларни қайта тиклаш ва қуриш бўйича буюртмачи этиб — Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси белгиланган. Бош лойиҳачи ва бош пудрат ташкилотлари тендер ўтказиш йўли билан аниқланади.

Қадимий дарвозаларни қайта тиклаш учун тасдиқланган координаталарга мувофиқ, яқин бўлган ҳудудлардан ер майдонлари чегералари аниқланади ва даврозалар қурилиши учун ажратилади. Бунда ободонлаштириш ва туризм инфратузилмалари яратилишини инобатга олиниши керак. Ишчи гуруҳ ҳудудлардаги бино ва ер ости коммуникацияларни кўчириш зарурияти мавжудлигини ҳисобга олиши лозим.

Ер майдонларини танлашда қадимий дарвозаларни туризм намойиши объектларига киритиш ва туристларни жалб қилиш учун тегишли инфраструктурани жойлаштириш инобатга олиниши керак бўлади.

Намунавий лойиҳаларда ташриф буюрувчилар учун дарвозалар кўринишига мос равишда соябонлар, ўриндиқлар ва чиқинди ташлаш қутиларини ўрнатишни назарда тутиш лозимлиги айтилади.

Маълумот ўрнида, XVIII асрда Тошкентни босқинчилар ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида унинг атрофи 8−20 метр баландликдаги девор билан ўралган. Деворнинг 12 жойига тонгда очилиб, шомда ёпиладиган дарвозалар ўрнатилган.