Ўзбекистон Транспорт вазирлиги «Тошкент метрополитени» ДУК бошлиғининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари лавозимига чет эллик мутахассисни жалб қилади. Мазкур топшириқ президентнинг 16 октабрдаги метрополитен фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисидаги қарорида акс этган.

Бундан ташқари, метрополитен фаолиятини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун илғор хорижий тажрибага эга консультантларни жалб этиш режалаштирилган.

Аввалроқ ушбу қарор билан «Тошкент метрополитени» «Ўзбекистон темир йўллари» таркибидан чиқарилиб, Транспорт вазирлиги таркибига ўтказилиши ҳақида ёзган эдик.

Ҳужжат билан метрополитенда хорижий тажрибага асосланган замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва ҳаракатланувчи таркибни босқичма-босқич янгилаш, транспорт хавфсизлигини яхшилаш, жамоат транспорти устки йўллари билан бекатларни бирлаштириш ва бошқа вазифалар белгилаб берилди.

Қарор билан 2021−2023 йилларда метрода йўловчилар ташиш ва поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича устувор чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унда янги вагонлар, эҳтиёт қисмлар ва ускуналар сотиб олиш, мавжуд поездларни модернизация қилиш, бекатлар яқинида автотураргоҳлар ва транспорт узеллари, баланд участкаларда эвакуация зиналари қуриш, транспорт карталари ва бир марталик чипталар сотиш учун ахборот киоскларини ўрнатиш ва бошқалар кўзда тутилган.