Ўзбекистоннинг 11 ёшли вакили София Сингҳ Гилл Италиянинг Сан-Ремо шаҳрида 14−16 октябрь кунлари бўлиб ўтган Sanremo Junior халқаро болалар мусиқа фестивалида биринчи ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда «Дунё» АА мамлакатнинг Италиядаги элчихонасига таяниб хабар бермоқда.

Германия, Исроил, Болгария, Чехия, Италия, Ливан, Украина, Словакия, Россия, АҚШ, Қозоғистон ва бошқа давлатлар вакиллари иштирок этган мусиқа танловида Ўзбекистон вакили биринчи маротаба иштирок этди. Фестиваль гран-приси 14 ёшли Беларуснинг Гомель шаҳридан бўлган Ксения Галецкаяга насиб этди.

Ўзбекистонлик танлов иштирокчиси, Тошкент халқаро мактабининг 6-синф ўқувчиси, бундан олдин ҳам халқаро танловларда иштирок этган. Фестиваль финалида София Сингҳ Гилл итальян симфоник оркестри ҳамроҳлигида Aerosmith гуруҳининг «Армагедон» фильми учун ёзилган «I Don’t Want To Miss A Thing» номли қўшиғини инглиз тилида ижро этди.

Чиқишдан сўнг Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров София Сингҳ Гилл, унинг устози, қўшиқчи Саидойи ва онаси Камила Абдуллаева билан учрашиб, уларни ғалаба билан табриклади.

Sanremo Junior — 15 ёшгача бўлган болалар учун вокал танлови бўлиб, БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Сан-Ремо раҳбарияти томонидан Санъаткорларни рағбатлантириш халқаро ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилади.