Тошкентда Яккасарой ва Сергели туманларини боғлайдиган янги йўл қурилишининг биринчи босқичи якунланди. Сешанба куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев янги объектлар билан танишди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, Чўпонота кўчасидан Тошкент ҳалқа йўлигача қарийб 2 км лик трасса қуриб битказилди. Унинг Кичик ҳалқа йўли устидан ўтган қисмида 788 метрлик кўприк ва Тошкент ҳалқа йўлига туташган жойида иккита 207 метрлик йўл ўтказгич қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида Тошкент ҳалқа йўлидан Қипчоқ кўчасигача бўлган 4 км дан зиёд йўл қурилмоқда.

«Умуман, 6 қаторли мазкур йўл ва кўприклар соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга бўлади. Шу тариқа, Сергели туманидан шаҳар марказига етиб бориш вақти олдинги 40−50 дақиқа ўрнига 20 дақиқани ташкил қилади. Янги Сергели кўчасидаги тирбандлик икки бараварга қисқаради», — дейилади хабарда.

«Газета.uz» май ойида Grand Road Tashkent томонидан оширилаётган қурилишнинг умумий қиймати 518,3 млрд сўмни ташкил этиши ҳақида ёзган эди (дастлабки миқдори 280 млрд сўм).

Фото

Фото: Президент матбуот хизмати