ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг пойтахт ҳокими этиб тайинланишининг сабабини айтди ва шаҳарни қандай ривожлантириш режалаштирилаётгани ҳақида гапирди.

«Мен нима учун Жаҳонгир Ортиқхўжаевни Тошкент шаҳри ҳокимлигига қўйдим? Бу одам тадбиркор. Тадбиркорлик билан пойтахтни ривожлантириши учун бу лавозимни бердик. Замон шиддат билан ўзгаряпти. Тадбиркорлик замон талаби бўляпти. Энди Ортиқхўжаев ҳам керак бўлса 10 баробар кўпроқ ҳаракат қилиши лозим», — деди у.

Президентнинг сўзларига кўра, келгуси беш йилда хориждан келадиган меҳмонларни 3 млн нафарга етказиб, туризм хизматлари ҳажмини 1 млрд долларга олиб чиқиш режалаштирилган.

«Савдо соҳасини иқтисодиётдаги ўрнини ошириш, бошқа тармоқлар учун «драйвер»га айлантириш учун энг катта масала бу — савдо майдонларининг етарли эмаслиги. Мисол учун, сўнгги икки йилда шаҳарда савдо майдонлари 2 баробарга ошган бўлса-да, уларнинг ҳажми йирик мегаполисларга нисбатан, 10−15 бараварга паст», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Шунинг учун, келгуси беш йилда шаҳардаги савдо майдонлари 10 баробарга оширилади. Бунинг учун 44 та йирик савдо ва кўнгилочар марказлари ишга туширилади, ҳар бир туманда тун-у кун фаолият кўрсатадиган савдо ва кўнгилочар кўчалар барпо этилади, янги қурилаётган уй-жойлар ва бизнес марказларнинг пастки қаватлари олдиндан хизмат кўрсатиш ва савдо соҳасига ихтисослаштирилади», — дея қўшимча қилди у.

Таъкидланишича, савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, янги меҳмонхоналар ва 5000 кв метрдан катта савдо комплекслари беш йил давомида мол-мулк солиғини 2 баробар паст ставкада тўлайди. Шунингдек, қурилган биноларнинг амортизация харажатларини икки йил давомида тўлиқ қоплаш орқали, фойда солиғини камайтириш имконияти яратилади.

«Умуман олганда, шаҳар маҳаллаларида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга, йилига 1 трлн сўм йўналтирилади», — деди ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев келажакда Тошкент илғор инновацион ва инвестицион ҳудудга айланишини айтди.

«Шаҳарда жойлашган оғир саноат корхоналари пойтахт ташқарисига босқичма-босқич кўчирилади. Шаҳарда эса юқори технологияли инновацион тармоқлар — электроника ва электротехника, IT-инжиниринг, биотехнология корхоналари жойлашади», — деди у.

Бундан ташқари «Ўзэкспомарказ» ҳудудида Тошкент халқаро молиявий маркази қурилиши режалаштирилган. «Унда фаолият юритадиган халқаро банклар, молиявий институтлар, юридик, консалтинг ва инвестицион компанияларга қулай шароитлар яратилади. Ушбу марказ нафақат Ўзбекистон, балки минтақамиз учун инвестициялар хабига айланади», — деди президент.

«Шаҳар учун алоҳида илғор лойиҳалар ва инжиниринг маркази очилади. Шунингдек, кадрлар захирасини яратиш мақсадида, „таълим — илм — тадқиқот“ тамойили асосида ҳар бир олийгоҳ ўқув дастурлари „яшил“ ва „рақамли“ иқтисодиётга йўналтириш учун трансформация қилинади. Ушбу тизимнинг ўзаги Янги Ўзбекистон университети бўлади», — дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, «ҳар бир туманда Инновация ва технология маркази ҳамда „лойиҳа гуруҳлари“ ташкил этилиб, уларда давлат-хусусий шериклик асосида алоҳида технопарк ва IT мактаби фаолият юритади».

«Истиқболли лойиҳаларга тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси 30 фоиз улуш билан киради ва бунга 200 млн доллар ажратилади», — дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, «янги ташкил этиладиган Ўзбекистон тараққиёт банки томонидан Тошкент шаҳри тадбиркорларига қулай шартларда узоқ муддатли кредитлар ажратиш учун 1 млрд доллар ресурслар тижорат банклари орқали эмас, балки тўғридан тўғри йўналтирилади».

2022 йилда пойтахтга инвестиция ва илғор технологиялар, энг нуфузли халқаро компанияларни кенг жалб қилиш учун «Тошкент халқаро инвестиция форуми» ўтказилади. «Бу орқали қўшимча 10 млрд доллар инвестицияларни жалб қилиш имкониятини яратамиз», — деди ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод.

«Умуман, Тошкент шаҳрида кейинги беш йилда 14 млрд долларлик 2 мингга яқин инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 250 мингта янги иш ўринлари ташкил этилади. Тошкент шаҳри атрофида „саноат белбоғи“ ташкил қилиниб, Бектемир, Сергели, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманлари юқори даромад келтирувчи саноат тармоқларига мослаштирилади», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ, «Газета.uz» Шавкат Мирзиёев пойтахт сайловчилари билан учрашувда Тошкентдаги ҳар бир маҳаллага 10 млрд сўмдан ажратилиши, Тошкент ҳавосида чанг миқдори меъёридан икки баравар кўплиги ва пойтахтдаги тирбандликларни ҳал этиш бўйича гапиргани ҳақида ёзган эди.

Akfa компаниялар гуруҳи асосчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йил апрель ойи охирида Тошкент раҳбари томонидан тасдиқланган. Шавкат Мирзиёев уни ҳоким сифатида таништирар экан, шундай деган эди: «Мен Ўзбекистон тарихида биринчи марта ўзим ишонган тадбиркорни Тошкент ҳокими лавозимига тайинладим. Ҳозирги ислоҳотларни тушуниб етган, бюрократиядан узоқ, Тошкент шаҳрининг эртанги куни қандай бўлишини тасаввур қилувчи, замонавий бўлган мана шу йигит Ўзбекистонга тоза ҳаво олиб кириш, инвесторларни қўллаб-қувватлаш учун тайинланди. У бизнинг кўплаб раҳбарларимиз каби бирор бюрократик тизимда: райком, партия ёки бошқа жойда ишламаган. У тадбиркор».