Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми (ўғрилик), 168-моддаси 2-қисмида (фирибгарлик) белгиланган жиноятларни содир этган икки нафар шахс Корея Республикасида қўлга олинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар берди.
Шу йилнинг октябрь ойида Сеул шаҳрида Ўзбекистондаги Интерпол ММБ, Тошкент вилояти ИИББ ва Жанубий Кореянинг Интерпол ММБ ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган. Натижада Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан халқаро миқёсда қидирувда бўлган 1991 йилда туғилган шахс ушланган.
Бундан ташқари, олинган маълумотларга асосан, Интерпол каналлари томонидан катта миқдордаги фирибгарлик жиноятини содир этгани учун қидирувда бўлган яна бир Ўзбекистон фуқароси 1957 йилда туғилган Ж.Н қўлга тушган.
Таъкидланишича, 2016 йилда Ж.Н. Ўзбекистон фуқаролари ишончига кириб, Тошкент шаҳридан кўчмас мулк харидида ёрдам беришини ваъда қилади. Улардан олган пулларни эса ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
«Бугунги кунда музокаралар ва Ўзбекистондаги Интерполнинг ММБ ҳамда Тошкент вилояти ИИББ ЖҚБ ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор ҳаракатлари туфайли қидирувдаги иккала шахс ҳам қўлга олиниб, Ўзбекистонга топширилди ва энди улар қилмишлари учун судда жавоб беришларига тўғри келади», — дейилади хабарда.