«Ўткан кунлар» таржимони Марк Риз ваъда қилинган гонорар 5 ойдан бери тўланмаётганини маълум қилди

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини инглиз тилига таржима қилган Марк Риз Ўзбекистон томони беш ойдан бери президент номидан ваъда қилинган пул мукофотини тўламаётганини маълум қилди. У, шунингдек, Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналари учун роман таржимасининг 1000 нусхасини сотиб олишга ваъда берилганини, бу ҳам бажарилмаётганини таъкидлади. Давлат тилини ривожлантириш бошқармаси вакили «масала кун тартибида», деб изоҳ берди.

Суғурта полисини олмаганлик учун жарима миқдори 2 бараварга камайтирилмоқда

Депутатлар паспорт тизими қоидаларини бузиш, ноқонуний валюта айирбошлаш, йўловчиларни лицензиясиз ташиш ва суғурта полисини олмаганлик учун жарималарни бир неча бараварга камайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.

31 декабргача гўшт ва картошка импортини ҚҚСдан озод қилиш таклиф этилди

Депутатлар 10 октябрдан 31 декабргача бўлган даврда гўшт, қорамол ва парранда, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистонга олиб кириш ва реализация қилиш бўйича айланмаларни ҚҚСдан озод қилишга оид қонунни қабул қилди.

Декабрда Фарғонада тест режимида 12 та электромобиль ишлаб чиқарилади

Фарғона вилоятида декабрь ойида «Central Asia Motors» корхонасида 4 та енгил ва 8 та юк электромобиллари тест режимида ишлаб чиқарилади. Корхона тўла қуввати билан ишга тушгач, йилига 10 минг электромобиль ишлаб чиқариши кутилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 40 фоизи экспорт қилинади.

Тошкентдаги ҳар бир маҳаллага 10 млрд сўмдан ажратилади — Шавкат Мирзиёев

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳокимлиги қошида 575 та маҳаллани ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, ҳар бир маҳаллага 10 млрд сўмдан (жами қарийб 600 млн доллар) ажратилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, маҳаллаларни обод қилиш учун 2 млрд сўм ажратиш амалиёти «ўз самарасини берган».

ЎзЛиДеП номзоди пойтахтдаги тирбандликларни ҳал этиш бўйича ўзининг таклифларини билдирди

Президентликка ЎзЛиДеП партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги тирбандликларни бартараф этиш учун кўчаларда 21 та йўл ўтказгичлар, 6 та метро бекати атрофида ҳамда марказий кўчаларда 80 та кўп қаватли автотураргоҳлар қуришни таклиф қилди. «Йўл ҳаракатини „ақлли тартибга солиш“ тизими жорий этилади», — деди у. Кўчаларни таъмирлашга эса 3,2 трлн сўм ажратилиши таъкидланди.

Тошкент ҳавосида чанг миқдори меъёридан икки баравар кўп — президент

Шавкат Мирзиёев пойтахт сайловчилари билан учрашувда Тошкент ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрлардан 2 баробар кўплигини маълум қилди. Президент қурилиш майдонларида чангни бостирувчи замонавий усуллар ва технологияларни жорий қилиш зарурияти ҳақида ҳам гапирди. ЎзЛиДеП номзоди келгуси йилда ҳар бир туманда сайилгоҳ ҳамда шаҳар бўйича 25 та «яшил ҳудуд» ва аллеялар ташкил этилишини таъкидлади.

Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабга бошқа ҳудуддан ўқитувчи жалб қилиш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарорига кўра, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга бошқа ҳудудлардан жалб қилинган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинади. Шунингдек, педагогика йўналишларининг 3-курсида таҳсил олаётган талабаларга мактабларда дарс бериш ҳуқуқи берилди.

Андижонда маст ҳолда «Тез ёрдам» шифокорини дўппослаган шахс қамоққа олинди

Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида беморнинг ўғли маст ҳолатда «тез ёрдам» шифокорини дўппослаб, унга оғир тан жароҳати етказди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Зўравон беш йилгача муддатга қамалиши мумкин.

«Пандемия даврида кўп давлатлар „эгоист“ бўлиб кетди» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда пандемия даврида энг кучли давлатлар ҳам қийин вазиятга тушиб қолганини айтди. Унинг айтишича, «кўп давлатлар „эгоист“ бўлиб кетди». «Қўшниларимиз билан муносабатларни кузатиб турибсиз. Афғон муаммоси бизни жиддий ўйлантиради», — дейди президент.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларга ҳокимлар раис бўлди. Антикоррупция агентлиги раҳбари изоҳ берди

Антикоррупция агентлиги директори Акмал Бухонов Коррупцияга қарши курашиш бўйича ташкил этилган ҳудудий кенгашларга ҳокимлар раис бўлиши борасидаги хабарларга изоҳ берди. «Бу кенгашлар коррупцияга қарши курашувчи орган эмас, коллегиал идора ҳисобланади», — деди у. Унинг сўзларига кўра, агар ҳокимлар маҳаллий кенгаш раислигидан озод қилинса, унда Ҳудудий кенгаш раислари ҳам ўзгаришини қўшимча қилди.

Жаҳонгир Отажонов 3 нафар фарзандидан алимент қарздорлиги сабаб Ўзбекистондан чиқиб кетолмади

Жаҳонгир Отажонов Ўзбекистонни тарк этишига тақиқ қўйилганини маълум қилди. МИБнинг маълум қилишича, фуқарода 3 нафар вояга етмаган фарзандлари учун алимент ундирувига оид 3 та ижро ишлари мавжудлиги аниқланган ва унинг Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланган.

Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон муфтийси этиб сайланди

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайланди.

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов Тошкент шаҳри бош имом-хатиби бўлди

Юнусобод тумани ва «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов Тошкент шаҳри бош имом-хатиби вазифасига тайинланди.

Коррупцион жиноятларни содир этган шахсларнинг реестри тўғрисидаги қонун қабул қилинади

Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов Коррупцион жиноятларни содир этган шахсларнинг реестри тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

«Газета.uz»да чиққан фоторепортажлар:

Фото: Тошкент сайловдан олдин

Келаётган якшанба, 24 октябрь куни президент сайлови ўтказилади. Сайловдан олдинги пойтахт қиёфаси — «Газета.uz» фоторепортажида.