ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда коронавирус пандемияси ҳақида гапириб, Афғонистондаги вазиятга яна бир бор тўхталди.

Унинг сўзларига кўра, «ҳеч қачон дунё иқтисодиёти бундай жиддий синовга дуч келмаган». «Касаллик туфайли энг кучли давлатлар ҳам қийин вазиятга тушиб қолди. Биз шундай вазиятда ҳам иқтисодиётимизни сақлаб туришга ва ҳатто ўсишга эришдик», — дейди президент.

«Албатта, пандемия талабларидан ҳаммамиз чарчадик. Пандемия даврида кўп давлатлар „эгоист“ бўлиб кетди. Буни ҳам тушуниш мумкин, вазият оғир. Мен ҳам биринчи навбатда ўзимизнинг мамлакат тинчлиги, халқим фаровонлигини ўйлашим керак», — дея қўшимча қилади Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди.

«Қўшниларимиз билан муносабатларни кузатиб турибсиз. 5 йиллик қисқа муддатда катта ютуқларга эришганимиз бор гап. Афғон муаммоси бизни жиддий ўйлантиради. Энг катта муаммо — Афғонистон шу қишни эсон-омон, очарчиликка дуч келмай, урушларсиз ўтказиб олиши. Ўйлайманки, ҳукумат тепасига келган янги кучлар ҳам ўз халқини ўйлайди», — дейди у.

Сентябрь ойида Шавкат Мирзиёев ШҲТ давлатларини Афғонистондаги янги ҳокимият билан диалог қилишга чақирган эди. «[Афғонистонда] ҳокимият тепасига янги кучлар келди. Бу юз берган факт», — деган эди Ўзбекистон президенти ШҲТ саммитида. У Афғонистонда гуманитар инқирознинг олдини олиш мақсадида чет эл банкларидаги афғон активларини музлатишни тўхтатишни таклиф этганди.