Ҳукуматнинг 15 октябрдаги қарорига биноан, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан ўқитувчи-педагогларни жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга бўлган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинади. Хусусан:

  • бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
  • бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.

Шунингдек, бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар улар борган мактаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатидан чиқарилган йилдан кейинги йил учун ҳам тўланиши қайд этилган.

Низомга мувофиқ, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш истагини билдирган ўқитувчиларга қуйидаги талаблар қўйилади:

  • тегишли фан йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлиши;
  • дарс бераётган фани бўйича биринчи ёки олий малака тоифасига эга бўлиши;
  • бошқа ҳудудда камида бир йил педагогик фаолият юритган бўлиши;
  • амалда фаолият юритаётган мактаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатида мавжуд бўлмаслиги лозим.

Низомда таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш истагини билдирган ўқитувчи-педагоглар ҳар йили 1 июлдан 1 августга қадар қуйидаги икки босқичда саралаб олиниши белгиланган:

  • биринчи босқичда ариза билан рўйхатдан ўтган ўқитувчилар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (диплом бўйича мутахассислиги, малака тоифаси ҳамда таълим даражаси юқори бўлмаган мактабга боришининг асосий мақсади ва таълим сифатини ошириш бўйича истиқболдаги режаси) ўрганиб чиқилади;
  • иккинчи босқичда ариза билан рўйхатдан ўтган ўқитувчилар касбий билим ва кўникмалари, педагогик маҳорати ҳамда психологик қобилияти йўналишида суҳбатдан ўтказилади.

Саралаш онлайн тарзда амалга оширилиши белгиланган.

Суҳбат учун саволлар Халқ таълими вазирлиги томонидан тайёрланиб, саралаш эълон қилингандан камида бир ой аввалвазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши кўзда тутилган.

Ишчи гуруҳлар саралашнинг иккинчи босқичи якунлангач, бир кун муддатда ичида саралашдан муваффақиятли ўтган ўқитувчи-педагоглар рўйхатини шаклантириб, Вазирликка тақдим қилади ва улар тўғрисида маълумотларни электрон платформага киритади.

Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабда дарс бериш учун мурожаат қилган ва саралашдан муваффақиятли ўтган ўқитувчи-педагоглар рўйхати ҳар йили 10 августга қадар вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Шунингдек, ҳукумат қарорига биноан, педагогика йўналишларида кундузги, кечки, сиртқи бўлимларининг 3-курсида таҳсил олаётган талабаларга мактабларда дарс бериш ҳуқуқи берилди. Қолган йўналишлар 4-курсдан дарс бериши мумкин.

Маълумот учун, таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхати Халқ таълими вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда шакллантирилади. Бунда асосий мезон этиб қуйидагилар белгиланган:

  • мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши натижалари;
  • мактабнинг рейтинги;
  • «Замонавий мактаблар»га қўйиладиган талаблар асосида баҳолаш натижалари.