Ижтимоий тармоқларда хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг Урганч шаҳар аэропортидан Истанбулга уча олмагани айтилган видеомурожаат тарқалди.

Таъкидланишича, Жаҳонгир Отажонов ўғлининг операцияси сабаб Истанбулга учиши керак бўлган. Аммо аэропортда унинг мамлакатдан чиқиши учун тақиқ қўйилгани айтилган. Бунга унинг МИБдан қарздорлиги борлиги сабаб қилиб кўрсатилган.

МИБ ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Аниқланишича, бюро органлари томонидан фуқаро Жаҳонгир Отажоновга нисбатан судларнинг тегишли қарорларига асосан фуқаролар С.Ф., М.С. ва Е.И. лар фойдасига 3 нафар вояга етмаган фарзандлари учун алимент ундиришга оид 3 та ижро ишлари юритилган.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг ижро ҳужжатларига асосан қарздор Жаҳонгир Отажоновдан ундирувчилар М.С. ва Е.И. фойдасига алимент ундириш белгиланган. Бюронинг Юнусобод туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган ва унинг Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқи вақтинчалик чекланган.

Таъкидланишича, мазкур тақиқлар «Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги қонуннинг 42−1-моддасига (Қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш) мувофиқ қўйилган.

«Фуқаро С.Ф. фойдасига алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати эса, унинг аризасига асосан ижросиз қайтарилган ва ижро иши тамомланган», — дейилади хабарда.

Январь ойида қўшиқчиликни тарк этганлигини эълон қилган собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов президентлик сайловларида қатнашиш истаги борлигини маълум қилган. Бироз вақтдан сўнг у сайловда қатнашиш истагидан қайтганини маълум қилган эди.

Жаҳонгир Отажонов 11 июль куни онаси норози бўлгани сабабли сиёсатдан кетишини эълон қилган эди. У жорий йил охирида концерт беришни режалаштираётганини айтиб ўтган.

Июнь ойи охирида Жаҳонгир Отажонов ўз видеомурожаатида давлат хизматчилари, жумладан, ИИББ ва ИИВ ходимлари шаънига ҳақоратомуз сўзларни ишлатган эди.

Июль ойида Тошкент ИИББ хонанданинг видеомурожаатда айтган гапларида ҳақорат аломатлари бор деб топган эди. Август ойида суд мажлисида қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов ИИБ ходимларини ҳақорат қилганини тан олган ва қилган ишидан пушанмон эканлигини билдирган эди. Шуни ҳисобга олган ҳолда суд уни жавобгарликдан озод қилиб, огоҳлантириш билан чекланганди.