Андижон вилояти Пахтаобод туманида «тез ёрдам» шифокорини маст ҳолатда дўппослаб, унга оғир тан жароҳати етказган шахс қамоққа олинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ўрганишларда аниқланишича, жорий йил 17 октябрь куни соат 00:30 лар чамаси Пахтаобод тез тиббий ёрдам бўлими Маданият шохобчаси диспетчер хизматига шу туманнинг «Маърифат» маҳалласидан мурожаат келиб тушади.

Шундан сўнг чақирув манзилига дарҳол навбатчи шифокор Нодирбек Аҳмедов бошчилигидаги тез ёрдам бригадаси юборилади. Бироқ чақирув бўлган хонадон эгаси, 1991 йилда туғилган фуқаро Б.Т. шифокорларнинг етиб боришини кутмай, бемор онаси Г. У.ни ўз шахсий автомашинасида «тез ёрдам» шохобчасига олиб келади.

Ўша куни туман тез тиббий ёрдам бўлими Маданият шохобчасида навбатчилик қилаётган бошқа бир шифокор, 1994 йилда туғилган Шоҳруҳ Зокиров дарҳол бемор Г. У. нинг қон босими, юрак уришини ўлчаб, унга керакли тиббий ёрдам кўрсатади.

Ўз вақтидаги муолажалар сабабли бемор Г. У. нинг қон босими меъёрлашиб, умумий ҳолати яхшиланади. Аммо фуқаро Б.Т. онасига кўрсатилаётган тиббий ёрдамдан қониқмасдан, жамоат жойи ҳисобланган «тез ёрдам» биносида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан шифокорларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилади ва ўз хизмат вазифасини ўтаётган яна бир шифокор — М. Деҳқоновнинг ёқасидан олиб, уни бўға бошлайди.

Шу пайт ҳамкасбини ажратиш учун борган Ш. Зокировнинг ҳаракатлари муштумзўр Б.Т.га ёқмайди ва у шифокорнинг юзига мушт туширади. Бунга қаноат қилмаган Б.Т. мушт зарбидан ерга йиқилган Ш. Зокировнинг юзи ва танасининг турли жойларига уриб, унга жиддий жароҳат етказади.

Шундан сўнг, олган тан жароҳатлари билан Ш. Зокиров Андижон давлат тиббиёт институти клиникасига ётқизилади.

Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси давомида Ш. Зокировга бош мия чайқалиши, бурун суягининг синиши, иккала кўз қовоқлари ва бурун соҳасидаги қонталаш ташхиси қўйилган.

️Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (безорилик: жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилди ва тиббиёт ходимига тажовуз қилган Б.Т.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Маълумот учун, юқоридаги модда бўйича ҳуқуқбузар 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.