Ўзбекистон президенти сайловлари тарихида биринчи марта теледебат намойиш этилади. Унда президентликка номзодларнинг вакиллари ўртасида баҳс-мунозара ташкил этилади.

19 октябрь куни соат 17:00 да Ўзбекистон миллий телерадиоканаллари орқали Ўзбекистон президенти сайловида номзодларнинг вакиллари ўртасидаги теледебат намойиш этилади. Теледебатларни «Ўзбекистон24», «Ўзбекистон», «Ёшлар», «Маҳалла» ва «Маданият ва маърифат» телеканаллари орқали томоша қилиш мумкин бўлади.

Шунингдек, аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш мақсадида «Ўзбекистон24» ва «Ўзбекистон» каналларида дебатлар сурдотаржима билан тақдим этилади. «Ёшлар» ва «Тошкент» каналларида дебатлар русча таржимада, «Маданият ва маърифат» каналида эса инглизча таржимада берилади.

Бундан ташқари, МТРКнинг онлайн платформаси uztv.uz орқали ҳам теледебатларни томоша қилиш мумкин бўлади.