Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Сўх туманига ташрифи доирасида туманда қурилиш ишлари якунланаётган янги аэропорт билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Сўх туманининг Навобод МФЙ ҳудудида барпо этилган аэродром майдони 7 гектар бўлиб, узунлиги 700 метрни ташкил этади.

Қайд этилишича, қурилиш ишлари учун давлат бюджетидан 6 млрд 800 млн сўм маблағ ажратилган. Бунда учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шахобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойларини ўзида қамраб оладиган замонавий мажмуа ташкил этилмоқда. Яқин кунларда синов учишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги.

Аэропорт қурилиши президентнинг 2020 йил 8 августдаги қарори ижроси доирасида амалга оширилган.

«Вилоят ҳокими аэропорт учиш йўлаклари, кутиш ва хизмат кўрсатиш залида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди. Сўнгги ишларни якунига етказишни тезлаштириш бўйича тегишли кўрсатлмалар берди», — дейилади хабарда.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги.

Хайрулло Бозоров шу ернинг ўзида вилоят ҳудудий электр тармоқлари, Фарғона сув таъминоти, вилоят Ҳудудгаз таъминоти корхоналари, вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси ҳамда туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев иштирокида туманда ушбу соҳаларда жорий йилда амалга оширилиши белгиланган ишларнинг бориши юзасидан муҳокама ўтказди.

Масъулларга ўз йўналишларида белгиланган вазифаларни муддатида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан қатъий топшириқ берилди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Фарғона вилоятининг Сўх туманида аэродром қурилиши бошлангани ҳақида хабар берилган эди. 4,5 гектар ер майдонида қуриладиган аэродромнинг учиш ва қўниш майдончаси 650 метр узунликка эга бўлиши айтилган. Лойиҳа қиймати 12 млрд сўмга баҳоланганди.

Аэропорт лойиҳаси.

Бундан ташқари, Ан-2 самолётлари, Humo AIR и Uzbekistan Helicopters компанияларининг Ми-8 вертолётларида парвозлар амалга оширилиши хабар қилинганди. Қолаверса, Қўқон шаҳридан ҳам рейсларни амалга ошириш кўзда тутилганди.