6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар қурилади

2022 йил 1 октябргача Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади. Шунингдек, кейинги йилнинг 1 июлига қадар 7 та метро бекатида транспорт ўтиш боғламалари ташкиллаштирилади.

Метрополитен «Ўзбекистон темир йўллари» таркибидан чиқарилади

«Тошкент метрополитени» компанияси «Ўзбекистон темир йўллари» таркибидан чиқарилади ва Транспорт вазирлиги тизимига ўтказилади. Метро темир йўллар тизимига 2016 йилда ўтказилган эди, ундан олдин «Тошшаҳартрансхизмат» таркибига кирарди.

Ўзбекистон ҳудудларида қанча аҳоли яшайди?

1 октябрь ҳолатига кўра, Самарқанд вилоятида 4 млн 8 минг 843 киши яшаб келмоқда. Шунингдек, Фарғона вилоятида 3,8 млн киши, Қашқадарё вилоятида 3,3 киши истиқомат қилади. Тошкент шаҳрида 2,8 млн киши доимий яшамоқда.

Уч кунда Термизга Афғонистон учун 100 тонна гуманитар юк олиб келинди

БМТ Қочқинлар масалалари бўйича бошқармаси томонидан уч кунда Термез халқаро аэропортига Афғонистон учун 100 тонна гуманитар юк олиб келинди. Юклар Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрига «Термиз — Ҳайратон» чегара пункти орқали етказилади. Унга қадар эса Termez Cargo Centre логистика марказида сақланади.

Президентнинг ўз белгиси ва штандарти бўлади

Депутатлар давлат раҳбарининг ўз белгиси ва штандартини (байроғи) жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Улар сайланган президентга унинг қасамёдидан кейин топширилади.

Сўх аэропорти тез кунларда фойдаланишга топширилади

Фарғона вилояти ҳокими Сўх туманида қурилиш ишлари якунланаётган янги аэропортни бориб кўрди. 7 гектар майдонда жойлашган аэродром лойиҳаси аввалига 12 млрд сўмга баҳоланган эди, қурилиш якуни бўйича бюджетдан 6,8 млрд сўм ажратилгани айтилмоқда.

Пахта терими механизациясини 5 йилда 60%га етказиш режалаштирилмоқда. Уни 2016 йилда 80%га етказиш режалаштирилган эди

Президентнинг маълум қилишича, кейинги 5 йилда пахта терими механизацияси 15%дан 60 га етказилади. 2013 йилда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев 2016 йилдан 80−90% пахта ҳосилини машинада теришга ўтилиши режалаштирилганини айтган эди. Бир неча йилдан буён мамлакатда пахта терими машиналарининг танқислиги кузатилмоқда.

АҚШ мудофаа вазири ёрдамчиси Ўзбекистонда чегара хавфсизлиги бўйича музокаралар ўтказди

АҚШ мудофаа вазири ёрдамчиси Кристофер Майер бошчилигидаги идоралараро делегация Тошкентда чегара хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениэл Розенблюм.

Президент сайлови тарихида биринчи теледебат. Унда номзодлар вакиллари иштирок этади

19 октябрь куни Ўзбекистон президенти сайловлари тарихида илк маротаба теледебат намойиш этилади. Унда президентликка номзодларнинг вакиллари қатнашади. Теледебатни соат 17:00да «Ўзбекистон24», «Ўзбекистон», «Ёшлар», «Маҳалла» ва «Маданият ва маърифат» каналлари орқали кўриш мумкин.

Сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи Lactalis компанияси Ўзбекистон бозорини эгалламоқда

Lactalis барча турдаги сут маҳсулотларини сотишни ва Ўзбекистон бозорида сут ишлаб чиқарувчи етакчи компанияларидан бирига айланишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон ва Афғонистоннинг янги ҳукумати муносабатларни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқади

Термездаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон ва Афғонистоннинг муваққат ҳукумати ҳамкорликнинг бир нечта соҳалари бўйича ишчи гуруҳлар тузишди. 10 кун ичида «йўл харитаси» ишлаб чиқиш ва уни икки давлат етакчиларига тақдим этиш режалаштирилмоқда.

АҚШ Ўзбекистонга 526,5 минг доза Pfizer вакцинасини юборди

АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга 526 500 доза Pfizer/BioNTech вакцинасини етказиб берди. Ой охиригача мамлакатга ушбу вакцинадан яна 274,5 минг доза олиб келинади.

Паркент тумани тиббиёт бирлашмаси мансабдорлари 1,5 млрд сўмни ўзлаштирди

Паркент тумани тиббиёт бирлашмаси мансабдорлари 1,5 млрд сўм маблағни талон-торож қилгани айтилмоқда. Уларга «қамоқ» ва «уй қамоғи» эҳтиёт чоралари қўлланилган. Прокуратура жиноят ишини судга оширди.

Тошкентдаги биринчи Burger King ресторанлари қаерда очилади?

Тошкентда учта Burger King ресторанлари очилиши кутилмоқда. Улар Бобур боғи, Экобозор ёнидаги Atlas мажмуаси ва Чилонзор 25-мавзесида жойлашади.

1 ноябрдан мингта хонадонли МФЙлар ходимлари маоши 35 фоизга оширилади — президент фармони

Президент фармони билан 1 ноябрдан ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган МФЙ ходимлари ойлик маоши 35 фоизга оширилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Ҳукумат 2022 йилда ЯИМ 5,9 фоизга ўсишини прогноз қилди

Ҳукумат 2022 йилда ЯИМнинг 5,9 фоизга ўсишини прогноз қилди. Инфляция даражасини 2022 йилда 9 фоизгача, бюджет дефицитини эса ЯИМга нисбатан 3% пасайтириш кўзда тутилмоқда. 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ миқдорини 4000 доллардан ошириш кўзда тутилмқода.

Тошкентда 10 кун ичида тез ёрдамга бемор болалар бўйича 13,8 мингта чақириқ келиб тушган

10 кун оралиғида пойтахт тез ёрдам хизматига бемор болалар бўйича келиб тушган чақириқлар сони 13 минг 820 тага етди. Октябрь ойида болалар бўйича шаҳар тез ёрдамга бўлаётган кунлик мурожаатлар ўртача 1300−1500 тани ташкил қилмоқда.

Депутат ёрдамчиси институти жорий этилди

Депутат ёрдамчиси институтини жорий этишга оид қонун қабул қилинди. Ёрдамчи депутатнинг вакили сифатида сайлов округида доимий фаолият юритади ва судланмаган бўлиши лозим. У депутат ва сайловчи ўртасидаги мунтазам алоқани яхшилашга кўмаклашади.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 28 млрд доллардан ошди

Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 28,2 млрд долларга тенг бўлди. Ташқи савдо сальдоси 7,6 млрд долларни ташкил этди. Учинчи чоракда импорт ҳажмида экспорт ҳажмига қараганда жадалроқ ўсиш кузатилди.

Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби белгиланди

Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ертўладад дўконлар, киоскалар, дўкончалар ва бошқа фаолият турларини амалга ошириш мумкин. Ертўлалар фақат квартира эгаларининг розилиги билан ажратилади.