«Тошкент метрополитени» УК «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибидан Транспорт вазирлиги тизимига ўтказилиб, «Тошкент метрополитени» давлат унитар корхонасига ўзгартирилди. Бу ҳақда 16 октябрь куни имзоланган Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарорида айтилган, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Метрополитен раҳбари Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда транспорт вазири томонидан лавозимга тайинланади.

«Тошкент метрополитени» 2024 йил 1 январгача республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва тегишли рўйхат бўйича импорт товарларни олиб киришда божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона йиғимларидан ташқари) озод этилади.

Қарор билан шунингдек, 2021−2023 йилларда Тошкент метрополитенида йўловчи ташиш ва поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Сўнгги ойларда метрополитенда қатор носозликлар, жумладан поездлар тўқнашуви ва тўхтаб қолиши ҳақида хабар берилган эди.

Тошкент метрополитени Вазирлар маҳкамасининг 2016 йил октябрь ойидаги қарори билан «Ўзбекистон темир йўллари» тузилмасига киритилган эди. Унинг раҳбари бир вақтнинг ўзида «Ўзбекистон темир йўллари» бошқаруви раисининг ўринбосари ҳисобланарди. Олдинроқ метрополитен пойтахт йўловчилар транспортини бошқарувчи «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси тузилмасига кирарди. Метрополитеннинг амалдаги раҳбари Тошкентнинг собиқ ҳокими ва собиқ транспорт вазирининг ўринбосари Раҳмонбек Усмоновдир.