Президент 14 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги [ЎРҚ-722-сон] қонунга имзо чекди.

Қонун 16 августда Қонунчилик палатаси томонидан, 30 сентябрь куни эса Сенат томонидан маъқулланган.

Ҳужжатга билан 2004 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги қонун депутат ёрдамчиси тўғрисидаги 9−4-модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқасини сақлаб туриш ҳамда ўз сайлов округидаги фаолиятини самарали ташкил этиш учун ёрдамчига эга бўлишга ҳаклидир.

Шу муносабат билан 1996 йилдаги «Сиёсий партиялар тўғрисида«ги қонундан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг вакили тўғрисидаги 14−2-модда чиқариб ташланди.

Ўзбекистоннинг 18 ёшга тўлган фуқароси депутатнинг ёрдамчиси бўлиши мумкин. Уни ишга қабул қилиш депутатнинг тақдимномасига кўра депутатнинг ваколатлари даврига тузиладиган муддатли меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади.

Шартнома депутатнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда тугатилиши мумкин.

Депутат ёрдамчиси депутатнинг вакили сифатида сайлов округида доимий фаолият юритади ва судланмаган бўлиши лозим. Унга ҳақ тўлаш сиёсий партия маблағи ҳисобидан амалга оширилади.

Ёрдамчи сайловчиларни Қонунчилик палатасидаги депутати фаолиятидан, ўз навбатида депутатни сайлов округида юз бераётган воқеалар, фуқаролар мурожаати, маҳаллий ижро ҳокимияти қарорларидан хабардор қилиб туради.

Ҳужжат 15.10.2021 йилдан кучга кирган.

Аввалроқ, депутат ёрдамчиси институтини жорий этиш орқали депутат ва сайловчи ўртасидаги мунтазам алоқани яхшилашга эришиш мақсад қилингани ҳақида ёзган эдик. Ташаббус «Миллий тикланиш» партияси томонидан илгари сурилганди.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 150 нафар депутатдан иборат.