7−17 октябрь кунлари Тошкент шаҳар «тез ёрдам» хизматига бемор болалар бўйича жами келиб тушган чақириқлар сони 13 минг 820 тани ташкил этди. Бу ҳақда ССВ ахборот хизмати Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибоевга таяниб хабар берди.

Чақириқлардан тана ҳарорати кўтарилган, ЎРВИ ва пневмония ҳолатлари кузатилган 10 минг 474 нафар болага сифатли тиббий ёрдам кўрсатилган, зотилжамга чалинган 41 нафар бола эса госпитализация қилинган.

«Одатда куз-қиш ойлари грипп ва ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалиши учун қулай давр ҳисобланади. Айниқса, бу пайтда кичик ёшдаги болаларнинг нафас йўллари юқумли касалликларига чалиниш кўрсаткичлари йилнинг бошқа даврларига нисбатан анчагина ортади», — дейди Дониёр Бўрибоев.

Унинг таъкидлашича, «жорий йил куз фаслининг илк ойи бироз салқин келиши бу ҳолатни янада тезлаштириб, болаларнинг грипп ва ўткир респиратор касалликлар (ЎРК) билан оғириши кўп кузатилмоқда».

«Бу эса ўз-ўзидан «103»га бўлаётган чақириқлар сони ортишига ҳам сабаб бўлмоқда», — дея қўшимча қилди у.

Қайд этилишича, октябрь ойининг ўтган даври мобайнида бемор болалар бўйича шаҳар «103» хизмати call марказига бўлаётган кунлик мурожаатлар сони ўртача 1300−1500 тани ташкил қиляпти. Энг кўп чақириқ 8 октябрь санасига тўғри келиб, шу куни 2025 та мурожаат қабул қилинган.