Аёллар кураши бўйича мамлакат кубоги Хоразм жамоасига насиб этди

Навоий шаҳридаги Яккакураш турларига ихтисослаштирилган Болалар-ўсмирлар спорт мактаби залида ўтказилган аёллар кураши бўйича Ўзбекистон кубоги якунига етди.

Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан 100 нафарга яқин 2006−2007 йилларда таваллуд топган ўсмир қизлар медаллар учун баҳс олиб боришди.

Хоразм вилояти аёллар кураши жамоаси мамлакатда етакчи ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилояти жамоаларини ортда қолдириб, Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди. Қорақалпоғистонлик курашчи қизлар иккинчи ўринни банд этишган бўлса, кучли учликка мезбонлар Навоий вилояти жамоаси якун ясаб берди.

Ўзбекистон чавандозлари Евроосиё кубогида ғалаба қозонди

7−10 октябрь кунлари Россиянинг Москва шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича Евросиё кубоги бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари муваффақиятли иштирок этишди.

Мусобақа якунларига кўра, Бекзод Қурбонов «Кинг Сорнет Л» лақабли оти билан турнирнинг мутлақ чемпионига айланди, Умид Камилов эса «Неро Уно Рафаэл» лақабли отда кумуш медалини қўлга киритди. Яна бир ўзбекистонлик чавандоз Аъзам Толиббоев ўзининг «Ладй» лақабли отида фахрий тўртинчи ўринни банд этди.

Бокс. Шаҳрам Ғиёсов ва Ҳасанбой Дўсматов терма жамоага қайтишди

Сербияда бўлиб ўтадиган бокс бўйича жаҳон чемпионатида қатнашадиган Ўзбекистон терма жамоаси таркиби эълон қилинди. Якуний рўйхатда профессионал боксчилар Шаҳрам Ғиёсов ва Ҳасанбой Дўсматов ҳам бор.

Ўзбекистон терма жамоаси ўртоқлик учрашувларида Малайзияни мағлуб этди, Иорданияга ютқазди

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Малайзия ва Иордания терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди. Малайзия термасини 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратган Ўзбекистон терма жамоаси, Иорданияга 3:0 ҳисобида мағлуб бўлди.

«Одил Жуниор» Ўзбекистон U-14 чемпионати ғолибига айланди

4−14 октябрь кунлари U-14 чемпионати бўлиб ўтди. Унда Суперлига ва Про-Лига қошидаги футбол академия ва мактаблари тарбияланувчилари, шунингдек, хусусий футбол академиялар ҳам иштирок этди.

19 та жамоа 5 та гуруҳга бўлинган ҳолда мусобақани бошлади. Шулардан «Хоразм», «Пахтакор», «Навбаҳор» ва «Одил Жуниор» жамоалари ярим финалга қадар етиб келди. Ярим финалда «Хоразм» «Пахтакор»ни, «Одил Жуниор» «Навбаҳор» ни мағлубиятга учратди.

3-ўрин учун кечган баҳсда «Пахтакор» «Навбаҳор»га қарши ўйнади ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Финал учрашувида «Одил Жуниор» жамоаси «Хоразм» га қарши баҳс олиб борди ва 6:0 ҳисобида зафар қучди.

Фото: ЎзПФЛ матбуот хизмати

ЎФА президенти Абдусалом Азизов йиғилиш ўтказди

Унда ҳар бир йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳисоботи раҳбариятга тақдим этилди ва кейинги режалар муҳокама қилинди.

Терма жамоалар бўлимига янги тайинланган мутахассис Усмон Тошев терма жамоаларни мувофиқлаштириш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ҳақида тўхталди. Ассоциация раҳбари ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятини янада кучайтириш талабини қўйди. Болалар ва ўсмирлар футболидаги вазиятларни жиддий таҳлил этиш, муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, турнирлар иштирокчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш, селекция ишларини юқори даражага олиб чиқиш борасида топшириқлар берилди. Шунингдек, аёллар футболига ҳам алоҳида тўхталиб, ечимини кутиб турган масалалар юзасидан таклифлар билдирилди.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Йиғилиш давомида футбол агентлари фаолиятини тартибга солиш, 2022 йилда ЎзПФЛ мусобақаларини юқори савияда ўтказиш, кейинги йилги регламентда клубларга қўйиладиган талаблар, хусусан, майдонларни ўйинларга тайёрлаш ва ташкилотчилик юзасидан тавсиялар берилди.

Абдусалом Азизов ҳар бир йўналиш бўйича ишларни тизимли ва сифатли ташкил этиш, ўзбек футболига ножўя таъсир қилувчи ҳолатларни йўққа чиқариш бўйича қатъий талаблар қўйди. Бўлимларнинг иш режалари кўриб чиқилиб, керакли тавсиялар берилди ва аниқ вазифалар белгиланди.

Жалолиддин Машарипов ўз жамоасида дубл қайд этди

Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Жалолиддин Машарипов «Ал-Насср» клуби сафида ОЧЛнинг чорак финалида «Ал-Ваҳда» жамоасига қарши майдонга тушиб, иккита гол ва битта голли узатма муаллифига айланди.

«Ал-Насср» клуби 5:1 ҳисобида ғалаба қозониб, яримфиналга йўл олди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Бутун шаҳар — ўйин майдончаси. Шаҳардаги фаол дам олиш одамларни қанчалик яқинлаштирмоқда?

Шаҳар спорт билан шуғулланиш ва дўстлар билан вақтичоғлик қилиш учун энг яхши жой. Аҳолининг фаоллиги жойларни ўзгартиради ва уларга ҳаёт бағишлайди. «Газета.uz» фотомухбири Евгений Сорочин тошкентликлар қандай қилиб кўча-кўйда дам олиб, машғулот ўтказаётганини кузатди.

«Спортчи кучли, чемпион бўлиши мумкин, лекин ақлан етук бўлмаса, у заиф бўлади» — Ўктам Раҳмонов, дзюдочи Давлат Бобоновнинг устози

Токиодаги Олимпиада ўйинлари бронза медали соҳиби, дзюдочи Давлат Бобоновнинг мураббийи Ўктам Раҳмонов «Газета.uz»га берган интервьюсида нега жуда эрта мураббий бўлганлиги, спортчилар амал қилиши керак бўлган қоидалар ҳамда қандай шогирдни орзу қилиши ҳақида гапириб берди.