Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида жойлашган боғчада ошпаз ва хўжалик ишлари мудири гўшт ўғирлагани тасвирланган видео тарқалди.

Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача таълим бошқармаси муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Пахтачи туман «Ҳайит Элбеги» маҳалласида жойлашган 28-сонли боғчанинг бош ошпази Ў. А. пиширилган 4,7 кг гўштни олиб кирхонага бекитиб қўйган. Сўнгра кирхона деразасидан пишган 4,7 кг гўштни боғча хўжалик мудираси М. Э. га берган. У гўштни боғча ҳовлисидан олиб чиқиб кетаётганда боғча тарбиячилари Н.Н. ҳамда М.У. лар тамонидан ушланган.

Мазкур ҳолат бўйича боғча бош ошпази Ў. А. ҳамда хўжалик мудираси М. Э. билан суҳбат ўтказилганда, бу ишлар доимо боғча директори Ш. У. нинг топшириғи ва кўрсатмасига асосан қилингани таъкидланган. Улар ҳақиқатан ҳам боғча тарбиячилари Н.Н. ҳамда М.У. ларнинг айтган гаплари ва улар томонидан олинган видео ва аудио ёзувлардаги лавҳалар тўғри эканлигини ўз тушунтириш хатларида баён қилганлар.

Боғча бош ошпази Ў. А. ва хўжалик мудираси М. Э. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Пахтачи тумани прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижаларига кўра, 28-сонли боғчанинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.