Бирор ҳудудда ЙТҲ оқибатида катта ёшли киши, ёшбола ва умуман бирор фуқаро ҳалок бўлгани ҳақида хабарларсиз кунимиз ўтмай қолди. 2021 йилнинг 9 ойида ЙТҲлар оқибатида ҳалок бўлган фуқароларнинг расмий сони пандемия бошланишидан бери коронавирусдан вафот этган ўзбекистонликлар расмий сонидан кўпроқ. Лекин нима учун ЙТҲлар ҳам эпидемиянинг бир тури деб қабул қилинмай, уларга табиий ҳол сифатида қаралади?

Нима учун фавқулодда вазият эълон қилиниб, унга қарши кенг қамровли чора-тадбирлар дастурлари, «йўл хариталари» қабул қилинмайди? Йўллардаги ўлимлар сонини кескин — нолгача камайтиришга қаратилган қарорлар имзоланмайди ва бунинг учун барча кучлар ташланмайди? Кўп йиллардан бери кўрилаётган чоралар ва ёндашувлар самара бермаётганини қачон тушуниб, ўлимлар сони ҳар йили фақат 1−2 фоизга камайгани билан қачонгача рози бўлиб ўтираверамиз?

Гуллар юртининг қонли йўллари

Битта Наманган вилоятида охирги 6 ойда содир бўлган ЙТҲларга назар ташлайлик. 2021 йилнинг ўзида ушбу вилоятда болалар ўлими билан боғлиқ бир нечта йўл-транспорт ҳодисалари юз берган. Апрель ойида 11 кун ичида содир бўлган 4 та ЙТҲ оқибатида 4 нафар вояга етмаган болалар бу оламдан бевақт кўз юмди:

  • 14 апрель куни Наманган вилоятида 8 ёшли бола автомашина уриб юбориши оқибатида вафот этган;
  • 20 апрель куни Наманган вилоятида 5 ёшли қизалоқ автомашина уриб юбориши оқибатида вафот этган;
  • 25 апрель куни Наманган вилоятида 6 ёшли бола автомашина уриб юбориши оқибатида вафот этган;
  • 25 апрель куни Наманган вилоятида 2 ёшли бола автомашина тагида қолиб кетиши оқибатида вафот этган.

Июль ойида Наманганда 7 ёшли бола ЙТҲ оқибатида вафот этди. Сентябрда 3-синф ўқувчиси, пиёда ва унинг 2 ёшли набираси, 6 ёшли бола ва яна бир 3-синф ўқувчиси ҳалок бўлди. Ушбу рақам ва хабарлар «Газета.uz» эътибор қаратган ҳамда янгилик сифатида берган маълумотлар ҳисобланади. Нашр ёзмаган ва расмий эълон қилинмаган ЙТҲлар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Болалар ўлими билан якунланган ЙТҲлар статистикаси

Июль ойи сўнггида «Газета.uz» ярим йилда 542 та ЙТҲларда 458 нафар бола жароҳатлангани, 104 нафари ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эди. Ҳалок бўлган болалар сони ўтган йилнинг 6 ойига нисбатан 33,3 фоизга ортган.

Шунингдек, май ойи охирида 4 ой давомида болалар иштирокидаги ЙТҲ сони 25,3 фоизга, уларда ҳалок бўлган болалар сони 64,5 фоизга ошгани ҳақида хабар берилган эди.

Тўғри, ўтган йил рақамлар карантин чекловлари сабабли камроқ бўлган бўлиши мумкин. Лекин буни нормал ҳол деб қабул қилиш қанчалик тўғри?

ЙТҲларнинг асосий сабаби тезлик эканини тушунишни бошладик, лекин қандай чоралар кўриш керак?

7 октябрь куни ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шохрух Ғиёсов 9 ой ичида мамлакатда содир бўлган 6551 та ЙТҲдан 1682 таси ўлим билан тугаганлигини маълум қилди. Уларда жароҳат олганлар сони эса 5920 тани ташкил этади. ЙТҲларнинг деярли 40 фоизи тезликни меъёридан ошириш натижасида содир бўлган, деб таъкидлади Шохруҳ Ғиёсов.

Юқори тезлик ЙТҲларнинг асосий сабаблардан бири эканини бугунги кунда кўпчилик англаб етди. Яқинда ЙҲХББ ўз Telegram-каналлари орқали тезлик ортгани сари ҳайдовчининг атрофни кўра олиш масофаси чекланиб бориши ҳақида содда ва тушунарли ролик эълон қилди. Аммо кейинги қадамлар нималардан иборат бўлиши керак? Ҳайдовчиларни тезликни оширмасликка ва одамларни маданиятли бўлишга чақириш билан вазият ўзгармайди.

Биздаги вазият кўплаб мамлакатлар бошидан ўтган. Уларнинг хатоларини такрорлашимиз шарт эмас

БМТнинг Ўзбекистондаги собиқ доимий координатори Хелена Фрейзер «Газета.uz»га берган интервьюсида ЮНИСEФ томонидан ўтказилган сўров иштирокчиларининг 75 фоизи мактабга пиёда боришини айтганлигини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, мактабга борадиган йўлларнинг 50 фоизи хавфдан ҳоли эмаслиги айтилган ва Тошкентда бу кўрсаткич 60 фоизни ташкил этган.

Маълумот учун, дунёнинг ривожланган давлатларида шаҳар ичидаги тезлик — 50 км/с ни ташкил этади. Хусусан, Венада 30 км/с, Нью-Йоркда 40 км/с. Шунингдек, кичик кўчаларда 30 км/с, айланма йўлларда 70 км/с ва ундан юқори тезлик бўлиши мумкин.

Хелена Фрейзер глобал кампания кичик кўчаларда автомобилнинг ҳаракатланиш тезлигини 30 км/соатгача пасайтиришга чақиришини айтган эди.

«Такси ҳайдовчилари билан гаплашилса, улар тезликни пасайишига қарши бўлиши мумкин, ахир улар тез ҳаракатланишлари керак. Бу масаланинг бир томони. Аммо ўзбекистонлик ёшлар, мактабга ёки университетга пиёда ёки автобусда етиб оладиган, машина олишга қурби етмайдиган одамлар билан суҳбатлашганда берилган жавоблар аниқ: биз хавфсиз кўчаларга эришишимиз учун янада журъатлироқ ҳаракатлар зарур», — деган эди у.

Хелена Фрейзер сўровда қатнашганлар пиёдалар ва велосипед йўлаклари бўлишини хоҳлашларини ва тезликни соатига 30 кмгача чекланишини исташларини айтган эди.

«Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки икки ойида Тошкент, Тошкент вилояти ва Наманган йўлларида ҳар куни ўртача тўрт киши вафот этган. Бу жуда кўп. Уларнинг ҳар бири бирор оиланинг аъзоси. Амалга оширилиши керак бўлган ҳаракатлар мавжудлигини, ҳукумат мақсадларга эришишга содиқ эканлигини биламиз, тўғри сиёсий қарорлар зарур», — деган эди у.

Хелена Фрейзер мамлакат расмийлари 2025 йилга қадар йўл транспорт ҳодисалари сонини икки баравар қисқартириш мажбуриятини олишганини ҳам эслатган эди.

Кўплаб ҳайдовчиларнинг хавотирига қарамасдан, рухсат этилган тезликнинг пасайтирилиши тўғри амалга оширилса, кўчаларда тирбандликлар юзага келмайди. Жамоат транспорти қатновининг пухта ташкиллаштирилиши, автомобиллар қатновини тинчлантириш мақсадида кўчалар дизайнини қайта кўриб чиқиш, автотураргоҳларни ташкил этиш, қулай пиёдалар ва велосипед йўлакчаларини яратиш орқали шаҳардаги вазият фақатгина яхшиланади.

Июнь ойи аввалида республикада йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва амалий муаммоларни бартараф этиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузилган эди. Гуруҳ таркибига ҳукумат, ички ишлар, транспорт, молия вазирликлари, автомобиль йўллари қўмитаси ва бошқа мутасадди идоралар ва ташкилотларнинг раҳбар ва малакали мутахассислари киритилганди.

Мазкур гуруҳ ҳозирда қандай иш билан шуғулланяпти? Ва ўзи умуман қачондир амалий бирор бир қилинган ишни кўрамизми?

Жарималарнинг роли қандай?

Сентябрь ойида Қонунчилик палатасидаги «Адолат» партияси фракцияси депутатлари тезликни оширганлик учун жаримани камайтиришни таклиф қилиб, белгиланган тезликни 20−40 км/соатга оширганларга жаримани амалдаги БҲМнинг 5 бараваридан 3 бараварига тушириш ташаббусини илгари суришган эди. Бу ташаббус кўпчиликнинг танқидига учради.

Блогер Нурбек Алимов «ҳайдовчи сифатида бундай қонун қабул қилинишига тиш тирноғи билан қарши» эканлигини билдирди. «Чунки ўзим ҳайдовчи бўлганим билан болаларим пиёда, оила аъзоларимданам пиёдалар бор. Фуқаролик жамияти шаклланмаган жойларда тезликни оширмасликка ягона стимул букатта жарималардир. Аслида айнан тезлик учун жарималар отни калласидай бўлиши керак. Рухсатсиз тонировка учун 7 млн жарима эмишда, тезликни оширганлик учун арзонлаштирилармиш», — деб ёзади у.

Davletovuz`нинг ёзишича, «қарорни фақат машинада юрадиган одамлар қабул қилса, шунақа бўлади: фақат ўзига қулай бўлишини истайверади». «Депутатлар тезлик учун жарима миқдорини туширмоқчи экан. Депутатларимиз ҳам ўзимизга хос», — дея қўшимча қилади у.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов йўл қоидасини бузганлар учун жарималар кўпайиши тарафдори. Унинг таъкидлашича, йўл қоидасини бузганлар ҳақида хабар берган инсонлар учун рағбатлар кўпайиши керак. «Энг муҳими- суғурта тизими жорий этилиши керак, ахир суғурта инсонлар ҳаётини сақловчи восита. Мақсад инсонлар ҳаётини сақлаш. Йилига бунча кўп одам автомобиллар дастидан халок бўлиши- инсонлар хавфсизлигига бепарволикни англатади», — деб ёзади у.

Май ойида Mening Fikrim онлайн-петиция порталида шаҳарларда транспортнинг рухсат этилган тезлигини 50 км/соатгача ва ижтимоий аҳамиятга эга объектлар яқинида 30 км/соатгача камайтириш бўйича петиция эълон қилинган эди. Бундай қоидалар барча ривожланган мамлакатларда амал қилади. Афсуски, ушбу петиция фақатгина 1168 та овоз олиб, Олий Мажлисга тақдим этиш учун керакли 10 минг овозни йиға олмади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларининг сони 2 млн 955 минг 295 тани ташкил этган.

Бундан ташқари, юридик шахсларнинг ҳам автомашиналари, ҳайдовчилари бор. Улар билан қўшиб ҳисобланса юқорида келтирилган рақам яна-да кўпаяди.

Ожизона фикримча, жарималар миқдорини камайтириш машина ҳайдайдиган ва жарима тўлаши мумкин бўлган эҳтимолий 2,9 млн киши (фақат жисмоний шахслар ҳисобга олинса) учун фойдали бўлиши мумкин. Бироқ пиёда юрадиган ва ЙТҲ оқибатида жабр кўриши мумкин бўлган, жабр кўрган ва ҳалок бўлган инсонлар ҳам бор.

Жарималар камайишидан манфаат кўрадиган инсонлар пиёда юрадиган инсонлар сонидан анчагина кам. Жарималар камайишидан, бунинг оқибатида ЙТҲлар ва ўлимлар сони ошишидан сон жиҳатидан кўпроқ манфаат кўрадиган инсонлар азият чекиш эҳтимоли бор ва бу эҳтимол юқорироқ. Ўн нафар инсоннинг ҳаёти ёки бир кишининг жарима тўлаши танлови бўлганда, биринчисини танласа керак кўпчилик.

Жарималар миқдорини ошириш орқали ЙТҲлар камайишига эришилса бундан эҳтимолий 500 кишининг ҳаёти сақланиши мумкин. Сон жиҳатдан ҳаёти сақланадиган инсонлар жарима тўлаши мумкин бўлган 2,5 млн инсондан камдир, бироқ ҳаёт ва жарима масаласида биринчиси муҳимлигини ҳамма тушунади.

Россиянинг SIMETRA транспорт компаниясининг жамоат транспорти соҳасида ечимлар бўйича директори Владимир Валдин «Газета.uz»га берган интервьюсида «йўл қоидасини бузганлик учун жарима одамлар учун жуда қиммат бўлиши керак"лиги ҳақида айтган эди.

У тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши ҳақида мисол келтирган эди: «Бу етарлича жиддий муаммо. Жарималар одамларнинг чўнтаги кўтара оладиган даражада бўлмаслиги керак, уларнинг мақсади бошқа. Тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши ижтимоий хавфли ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Чунки ўз машинаси билан автобуснинг бекатга келадиган йўлини эгаллаган бир киши битта автобусдаги 100 нафар йўловчининг мобиллигини пасайтиради. Автобуслар эса бир нечта бўлиши мумкин».

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили, доктор Лианн Куппенс нашримизга берган интервьюсида: «Гарчи бу ҳақда гапириш ёқимсиз бўлса-да, кичик жарималар ёрдам бермайди. Жарима одамларни ҳайратда қолдириши керак: „қоидани бузишга қурбим етмайди“ деб. Одамларнинг хулқ-атвори шунда ўзгаради», — деган эди у.

ЙТҲларда автомактабларнинг қанчалик айби бор?

Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси Экспертлар кенгаши аъзоси Носиржон Зокиров Kun.uz`га берган интервьюсида ҳайдовчилар савияси ва ҳайдовчилик имтиҳонлари ҳақида фикр билдирди.

«Ҳайдовчиларнинг савияси — жуда ҳам оғриқли масала. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мингдан ортиқ ўқув курслари фаолият юритмоқда. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам талабга жавоб беради, дея олмайман. Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашда ўқув курси қиймати орқали носоғлом рақобат юзага келди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини бошқа идора бергани боис, ўқув курслари ҳайдовчиликка даъвогар ўқишни тезроқ битиришидан манфаатдор бўлиб қолди», — дейди у.

Қўшимча қилинишича, автомактабларда ҳозирги мавжуд имтиҳон олиш тизими 1987 йилдаги собиқ иттифоқ давридан қолган.

«Ундаги тест саволларида амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»да мавжуд бўлмаган саволлар ҳам бор. Маънавий ва техник эскирган саволлар бор. Саволларга илова қилинган суратларни бевосита жараён иштирокчиси сифатида эмас, учинчи шахс, томошабин кўзи билан кўрасиз», — дейди Носиржон Зокиров.

Аввалроқ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси, «Автотест» автомактаблари тармоғи асосчиси Комил Алламжонов бу хақда ўз фикрини билдирган эди.

«Автомактаблар соққа қилиш билан овора. Ўқитиш тизими бутунлай ишдан чиққан. Амалий дарслар чала-чулпа ўтилади. Бензинга пул, дарсга қатнашмаслик пул, имтиҳон пул. Натижада ҳар ойда йўлга минглаб „потенциал қотиллар“ чиқарилади», — деб ёзди у.

Бироқ фақат автомактабларни ва одамлар маданияти йўқлигини айблаш ҳам нотўғри.

Қандай ечимлар бор?

Май ойида «Газета.uz» БМТ ва ЖССТ транспорт хавфсизлигини бошқариш учун «хавфсиз тизимли ёндашув»ни илгари сураётгани ҳақида ёзган эди. У транспорт тизимида жиддий ёки ўлим ҳолатларига олиб келадиган жароҳатларнинг бўлмаслигига эришиш учун қаратилган Швециянинг «Vision Zero» («йўллардаги ўлим даражаси нолга тенглиги») стратегиясига асосланади.

Vision Zero ёндашуви «Йўллардаги ўлимларга тоқатсизлик»ни тезлик билан жорий қилиш вақти келди. Бунда барча қарорлар ушбу тамойилга асосланиб қабул қилинади ва ўлим даражасини нолга тушириш мақсад қилинади. Бундай ёндашувда ҳайдовчи ўзи хоҳлаган тақдирда ҳам рухсат этилган тезликдан юқорига чиқолмайди, ЙТҲ содир бўлган тақдирда эса унинг оқибатлари енгил бўлади. Яъни, биринчи навбатда йўллар кимнингдир минглаб одамлар учун хавф туғдириб, ўз манзилига тезда етиб олиши учун эмас, одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қурилиши керак.

Оғабек Самисов тайёрлади