15 октябрь куни Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятидаги Биби-Фотима шиалар масжиди портлатилди. Bakhtar агентлигининг маълумотларига таяниб ТАССнинг хабар беришига кўра, учта худкуш террорчи жума намози вақтида ушбу портлашни юзага келтирган. Натижада камида 62 нафар киши ҳалок бўлган, 68 киши жароҳатланган.

«Толибон» ҳукумати ушбу терактни қоралаб, уни ташкиллаштиришда «Хуросондаги Ислом давлати» террорчилик гуруҳи жангариларини айблади. Бу ташкилот «Ислом давлатининг» таркибига киради.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ушбу террорчилик ҳаракти бўйича баёнот берди.

«Ўзбекистон 2021 йил 15 октябрь куни Қандаҳор вилоятидаги масжидда содир этилган ҳамда кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келган навбатдаги террорчилик ҳаракатини кескин қоралайди. Бундай ғайриинсоний ҳужумлар вазиятнинг янада кескинлашувига олиб келади ва Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишига тўсқинлик қилади», — дейилади баёнотда.

Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш учун қўшимча чоралар кўриш ҳаракатларини олқишлашини таъкидлади.

«Ўзбекистон Ҳукумати ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий таъзия изҳор этади, шунингдек, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайди», — дейилади вазирлик хабарида.