Президентликка ЎзЛиДеП номзоди ва амалдаги президент Шавкат Мирзиёев «Миллий Тикланиш» партияси номзоди Алишер Қодировнинг мамлакат тараққиёти учун мигрантларнинг солиқ тўлаши кераклиги ҳақидаги таклифини танқид остига олди.

У бу ҳақда Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги «Astrum» IT-академияси мажмуасида сайловчилар билан бўлиб ўтаётган учрашувда таъкидлаган.

Шавкат Мирзиёев номзод сифатида бу масала бўйича ўзининг позициясини маълум қилди.

«Ҳозирда 2,5 миллиондан зиёд фуқароларимиз хорижда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Улар топаётган даромадларидан хорижда солиқларни тўлиқ тўлаб, қолган қисмини ўз оиласига жўнатмоқда. Ватандан узоқда меҳнат қилиб, ҳам ўзини, ҳам оиласини боқаётган юртдошларимизга, фақат раҳмат айтиш керак. Уларни мен ўз фарзандларим деб биламан. Ўтган вақтда биз ҳам уларни қўллаб-қувватлаш учун чоралар кўряпмиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, мигрантларнинг фаолияти солиққа тортиладиган даромадга кирмайди.

«Бир нарсани аниқ тушуниб олиш керак: бу — солиққа тортиладиган даромад эмас. Фуқаромиз ўз оиласига берган кўмагини, даромад деб солиққа тортиб бўлмайди», — дея қайд этди ЎзЛиДеП номзоди.

У «мигрантлар уинг фидойи фарзандлари» эканлигини таъкидлади. «Бир пайтлар уларга нисбатан нотўғри таъриф ишлатилган эди. Лекин мен бу фикрга қўшилмаганман. Ўзингиз ўйланг, улар нима учун хорижга ишга кетишган? Ноиложликдан! Агар биз бу ерда иш билан таъминлаб берганимизда улар хорижга кетармиди? Йўқ! Мана, 90-йилларда мигрантлар йўқ эди-ку», — дея сўзида давом этди у.

«Вилоятдан чет элга кетиб, меҳнат қилаётган фуқароларимиз имкон қидириб кетишган. Имкон қидирган одам фидойи одам бўлади. Ижтимоий тармоқларда четда юрадиганларни даромад солиғини тортиш ҳақида гап чиқди. Бу мутлақо асоссиз гаплар», — деди у.

«Ишонтириб айтмоқчиманки, агар мен шу юртда раҳбар бўлиб ишласам, улар ҳеч қачон солиққа тортилмайди. Аксинча, уларга Ўзбекистонда шароит яратиб беришга ҳаракат қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Амалдаги президентнинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида департамент очилган, мигрантларнинг ҳаёти ва шароитини яхшилаш, касбга ўргатиш учун ҳаракатлар қилиняпти.

«Мусофир бўлмаган мусулмон бўлмайди, дейишади. Мен фидойи фарзандларимизга мурожаат қилмоқчиман — кўнгилларинг тўқ бўлсин! Биз янги солиқ яратиш эмас, имкон қадар солиқларни камайтириш тўғрисида ўйлаймиз. Мен кеча МДҲ давлатлари йиғилишида ҳам мигрантлар масаласини кўтардим, уларнинг хавфсизлиги, соғлиги бўйича таклифларимни айтдим. Энди улар биздан ишчилар жўнатишимизни сўрашяпти. Мен улардан юртдошларимизни ўқитишларини ва муносиб иш беришларини сўраяпман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ, «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров сайловчилар билан мулоқотда мигрантлардан ҳам солиқ ундириш таклифини билдирганди. «Келинглар энди яна ҳам ватанпарварроқ бўлайлик, мигрантлар ҳам ўзининг солиғини мамлакат тараққиёти учун тўласин», — деди у.

Шундан сўнг, ижтимоий тармоқлар, жумладан, Twitter ва Telegram фойдаланувчилари ҳамда мигрантлар унинг таклифига қарши фаол фикр билдира бошлади. «Газета.uz» айрим фикр-мулоҳазаларини тақдим этганди. Фойдаланувчилардан бири: «Қодиров очко йўқотиш учун атай шунақа гапиртирилганми?»,деган фикрни ҳам илгари сурган эди.