Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ташкил этилади. Шавкат Мирзиёев тегишли қарорни имзолади, дея хабар қилди «Нигоҳ» Telegram-канали.

Ҳужжатга кўра:

  • Институтда таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланиб, таълим давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади;
  • 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, бакалавриатда 2 та янги таълим йўналиши (бастакорлик санъати, санъатшунослик: мусиқашунослик) ва магистратурада 2 та янги мутахассислик (овоз режиссёрлиги: мусиқий овоз режиссёрлиги, мусиқа санъати) очилади.

Институтнинг асосий вазифалари белгиланмоқда, жумладан:

  • юқори малакали мутахассислар ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;
  • миллий эстрада йўналишида замонавий ижро намуналарининг «Олтин фонди»ни яратиш ҳамда уларни нотага кўчириш ва амалиётга кенг жорий этиш;
  • миллий эстрада йўналиши бўйича фундаментал, амалий ва ижодий изланиш ҳамда тадқиқотлар олиб бориш.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб болалар мусиқа ва санъат мактаблари (324 та), ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари (17 та), мактаб-интернатлар (8 та) ҳамда маданият, мусиқа ва санъат коллежларига (2 та) Институтнинг етакчи профессор-ўқитувчилари ҳамда мамлакатда ижод қилиб келаётган таниқли эстрада ижодкорлари бириктирилади ҳамда «Маҳорат дарслари» йўлга қўйилади.

2020 йил декабрида президент Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Ҳужжатда Тошкентда унинг номидаги миллий эстрада олий мактаби, мемориал мажмуаси ва хонанда хотирасига бағишланган музей очилиши режалаштирилган.

Август охирида Шавкат Мирзиёев марҳум хонанда ва актёр Ботир Зокиров вафотидан сўнг «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотлади.