14 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси йиғилишида коронавирусга қарши профилактик эмлаш тадбирларини ташкил этиш, санитария -эпидемиология хизмати фаолияти самарадорлигини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.

СЭС маълумотларига кўра, мамлакатда 18 ёшдан ошган 21,45 млн киши эмланади. 12 октябрь ҳолатига кўра, ушбу контингентга жами 22,95 млн дозада вакцина (1-дозаси — 12,4 млн, 2-дозаси — 7,24 млн ва 3- дозаси — 3,29 млн) қилинган. Шундан ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг 81,5 фоизи, AstraZeneca вакцинасининг 78,5 фоизи, Спутник V вакцинасининг 62,4 фоизи, Moderna вакцинасининг 92,7 фоизи ҳамда Pfizer вакцинасининг 36,6 фоизи ишлатилган.

Парламент комиссияси аъзолари томонидан сўнгги кунларда касалланиш ҳолатлари болалар, шу жумладан мактаб ўқувчилари орасида ҳам тарқалаётганлиги билан боғлиқ масалага алоҳида эътибор қаратилиб, таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўриш лозимлиги қайд этилди.

Комиссия йиғилишида коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳамма жойларда ҳам самарали ташкил этилмаганлиги, эмланиш керак бўлган аҳоли қатламларининг барчаси бу жараёнга жалб этилмаганлиги танқид остига олинди. Бунда тушунтириш ишларини янада кучайтириш иш берувчиларнинг масъулиятини ошириш лозимлиги таъкидланди.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун учун 2021 йил Давлат бюджетида 3 трлн сўм захира шакллантирилган эди. Айни пайтда ушбу 3 тлрн сўм маблағ тўлиқ ўзлаштирилган.

Шунингдек, яна қўшимча ажратилган 1,3 трлн сўм маблағнинг жойларга ўз вақтида етказилиши ва мақсадли ишлатилиши устидан депутатлик назорати олиб борилмоқда. Бугунги кунда ушбу ажратилган мабалағларнинг 800 млрд сўми ўзлаштириб бўлинган.

Июль ойи охирида «Газета.uz» Ўзбекистон ҳукумати 1 ноябрга қадар аҳолининг 70 фоизини коронавирусга қарши эмлашни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. 15 октябр ҳолатига кўра, 5,6 млн киши (26,1%) тўлиқ эмланган.