Safia қандолат маҳсулотлари тармоғи асосичси, 27 ёшли Бекзод Самигжонов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга компаниянинг янги заводини қутқариб қолишини сўраб видеомурожаат йўллади. Заводни қуриш учун ер майдони давлат раҳбари топшириғи билан Тошкент ҳокимияти қарори асосида ажратилган. Шунга қарамасдан, ернинг аввалги ижарачиси суд орқали ҳокимиятнинг ерни ажратиш тўғрисидаги қарорини бекор қилишга эришди. «Газета.uz» видеомурожаат матнини эътиборингизга ҳавола қилади.

«Ассалому алайкум, ҳурматли Шавкат Миромонович!

Менининг исмим Бекзод Самигжонов, 27 ёшдаман, мен «Safia қандолат маҳсулотлари тармоғи» оилавий корхонаси асосчичи ҳисобланаман. Бу бизнесни бобом 1995 йилда тешиккулча сотишдан бошлаган. 2005 йилда эса онам Мадина Аюпова ўзининг биринчи ширинликлар дўконини очган, у «Дом выпечки от Мадины» деб номланган.

Сизнинг раҳбарлигингиз остида ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлар учун катта имкониятлар яратилмоқда. Ўзбекистонда бизнес юритишнинг янги йўналишлари очилмоқда. Биз шунингдек, сўнгги беш йилда катта ютуқларга эришдик. 2016 йилга қадар ходимларимиз сони 100 нафар ва савдо уйларимиз 4 тани ташкил этган бўлса, сўнгги 5 йилда 44 та янги савдо нуқталарини очдик, ходимларимиз сони эса 2 мингдан ошди.

Бизнинг қандолат компаниямиз 500 дан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқаради ва мен ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистондаги қандолатчилик маҳсулотлари хориждаги шу каби маҳсулотлардан ҳеч қандай фарқ қилмайди.

Август ойида президент ва тадбиркорлар ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда юзлаб тадбиркорлар, жумладан, биз ҳам энг кўп иш ўрни яратган корхона сифатида тақдирландик. Сиз менинг онам, Мадина Аюповани Ўзбекистондаги энг таниқли тадбиркор аёллардан бири сифатида эътироф этдингиз.

Мен бундан руҳланиб, 10 минг янги иш ўрни яратишга қарор қилгандим. Менинг президент билан учрашишдек орзуим бор эди.

2018 йил дебкарда Яшнобод туманида президентнинг тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтган эди, у ерда мен ҳам бор эдим. Мен ўзимнинг янги қандолат фабрикаси лойиҳам тақдимотини қилдим ва Сиз ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаб, ер ажратиш тўғрисида топшириқ бердингиз. Мен сизга умуман бошқача атмосферада ушбу фабрика тақдимотини ўтказмоқчи эдим. Афсуски, вазият бошқача тус олди.


2016 йилда ушбу ер Маданият вазирлиги томонидан бошқа бир компанияга ижарага берилган, бироқ, у узоқ вақт бўш ётган ва ташландиқ ҳолатда бўлган. 2018 йилнинг 10 майида Учтепа туманига ташрифингиз чоғида иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида сиз бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган ерларни инвесторларга ажратиш бўйича топшириқ берган эдингиз. Ушбу рўйхатда мазкур ер майдони ҳам бор эди. Кейин Вазирлар Маҳкамасининг ушбу ер майдонини Тошкент шаҳри ҳокимлигининг ер фонди резервига ўтказиш тўғрисида қарори қабул қилинди.

Шундан кейин, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 21 декабрдаги қарори билан 80 сотих ер бизга ажратиб берилди. Шунингдек, ушбу майдоннинг 40 сотихи давлат эҳтиёжлари учун ажратилган ва бюджет маблағлари ҳисобидан спорт мажмуаси қурилган.

Шундан сўнг, барча зарур ҳужжатлари йиғдик ва қурилишни бошлашга рухсат олдик. Марказий Осиёда қиёси йўқ ушбу фабрика лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнига латвиялик мутахассисларни жалб қилдик ва барча халқаро стандартларга жавоб берадиган заводни қурдик.

Имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилиб, 3 қаватли, умумий майдони 15 минг квадрат метр бўлган завод бунёд этдик. Шунинг қайд этмоқчиманки, завод қурилган жойга шаҳарнинг турли чеккаларидан узоқ йиллар давомида чиқинди олиб келинган ва биз 18 метр қалинликдаги қурилиш чиқиндиларини ковлашга мажбур бўлдик. Чиқиндиларни олиб чиқиб ташлаш учун 15 минг юк машинасини жалб этишга тўғри келди.


Энг қизиғи энди бошланмоқда. Бизга ер ажратиб берилганидан 2 йил ўтиб, фабрикка қурилиш жараёнлари якунига етганида ернинг олдинги ижарачиси ер майдонини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорни бекор қилишни сўраб, ҳокимиятни судга берди. Биринчи инстанцияда ҳокимият ютиб чиқди. Иккинчи, аппелция судида ҳам ҳокимият ғолиб бўлди. Ажабланарлиси, 2021 йил сентябрь куни Олий судда ўтказилган суд мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига, улкан маблағлар сарфланган ва завод қурилганига қарамасдан, Олий суд ҳокимиятнинг иккала қарорини ҳам бекор қилди.

Энди бизнинг қурилишимизни тўхтатиб қўйишди ҳамда 4 минг иш ўрни яратилиши режалаштирилган заводни ўз маблағларимиз ҳисобидан бузиш ва ерни бўшатиб қўйишни сўраб судга беришди.

Ҳозирги кунда биз томонимиздан Олий суд қарорини бекор қилишни сўраб кассация тартибида шикоят киритилган.

Биргина қарорни деб бизнинг 25 йиллик меҳнатимиз пучга чиқаяпти. Сиз ҳар доим янги Ўзбекистонда ҳалол ва тартибли бўлиб тадбиркорлик қилса, сиз шундай тадбиркорлар томонида бўлишингизни айтиб келгансиз.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, Safia аҳил оиламиз номидан бизни ёлғиз қолдирмаслигингизни ва ёрдам беришингизни сўраб қоламиз".

«Газета.uz» мазкур масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига сўров юборди.