АҚШнинг Диний эркинлик бўйича халқаро комиссияси (USCIRF) 13 октябрь куни Ўзбекистондаги диний ва сиёсий маҳбуслар ҳақидаги ҳисоботни чоп этди (PDF). Тадқиқот ҳукумат маълумотлари, расмийлар, яқинда қамоқдан озод қилинган маҳбуслар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва айни пайтдаги маҳбусларнинг қариндошлари билан суҳбатлар ҳамда суд ҳужжатлари асосида тузилган.

Ҳисоботда айтилишича, 2016 йил охиридан — мамлакатда президенти алмашганидан бери минглаб маҳбуслар озод қилинганига қарамай, 2000 дан ортиқ одам конституциявий тузумни ағдаришга уриниш, тақиқланган адабиётларни сақлаш ёки тақиқланган гуруҳларга аъзолик каби «ноаниқ ва кенг интерпретация (талқин) қилинадиган айбловлар» билан қамоқда қолмоқда.

Ҳаммаси бўлиб, комиссия маълумотларига кўра, диний ва сиёсий сабабларга кўра ҳукм қилинган 1176 нафар маҳбус қамоқхоналарда, 1000 нафари — манзил-колонияда сақланмоқда. Шундай қилиб, уларнинг умумий сони 2176 кишини ташкил этади. Бу мамлакатдаги маҳбусларнинг 10 фоизга яқини (2020 йил охирида 43 та қамоқхонада 22 867 нафар маҳкум бўлган) демакдир.

«Бу собиқ иттифоқ республикаларидаги барча диний маҳбуслар йиғиндисидан кўра кўпроқ ва дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири», — дейилади ҳисоботда.

USCIRF маҳбусларнинг кўп қисми «қийноқлар ва шафқатсиз муомала, шунингдек ҳибсга олиш ва суд жараёнида ҳимоя ёки адвокат билан боғланиш ҳақидаги сўровни рад этиш борасида ишончли даъволарни илгари суришган», дея қайд этди.

Ҳисоботда Ўзбекистонда минглаб виждон маҳбуслари 20 йилдан ортиқ муддатга жазони ўтаётгани қайд этилган, бу «дунёдаги диний эътиқод учун энг узун ҳукмлардан бири"дир. Ҳисобот муаллифларининг ёзишича, кўпинча «оилаларнинг турли авлодлардан бўлган бир нечта аъзолари» диний айбловлар билан қамоққа ташланади.

«Кўп сондаги диний маҳбуслар» фақат тақиқланган диний гуруҳларга аъзоликда айбланиб, зўравонликларга алоқадорлиги исботланмаган ҳолда ҳукм қилинган, деб хабар беради USCIRF.

Ҳисоботда «ҳибсдалик вақтларида диний маҳбусларнинг қамоқ муддати ўзбошимчалик билан узайтирилиши ва қайта ҳукм қилиниши билан боғлиқ хавотирли манзара» қайд этилган.

«Жумладан, Жиноят кодексининг машҳур 221-моддаси (жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларини бажармаслик) — Каримов бошқаруви даврида диний ва сиёсий маҳбусларнинг қамоқ муддатини ўзбошимчалик билан узайтириш учун тез-тез қўлланилган жиноят қонунчилиги ҳолати — бекор қилинганига қарамасдан, Ўзбекистонда диний ва сиёсий маҳбусларнинг катта қисми қамоқдалик вақтларида янги айбловлар билан ҳукм қайта кўриб чиқилгани сабабли ҳали ҳам ҳибсда сақланмоқдалар. Ҳукмнинг такроран чиқарилиши адолатли судлов стандартларининг бузилиши билан содир бўлмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Комиссиянинг тасдиқлашича, Ўзбекистон ҳукумати ушбу диний маҳкумлар учун чиқарилган қайта ҳукмлар тўғрисидаги аниқ маълумотларни тақдим этмаган. Бироқ, ҳисоботга кўра, қайта ҳукм ўқилганларнинг аксарияти ЖКнинг 159 (), 216 (), 244 () ва бошқа экстремизга оид моддалари бўйича қамалганлардир. Комиссия маълумотларига кўра, бундай маҳкумлар учун янги қамоқ муддатлари 6 йилдан 18 йилгачани ташкил этади.

Комиссиянинг фикрича, ҳукумат имкон қадар тезроқ қамоқдалик вақтида 221-модда бўйича муддати узайтирилган ёки қайта ҳукм ўқилиши билан боғлиқ ҳар бир маҳкум ишини мақсадли тартибда ўрганиб чиқиши лозим.

Ҳисоботда маҳбусларнинг кўпчилиги мажбурий тартибда чет элдан мажбуран қайтарилгани, бунда айрим ҳолатларда инсон ҳуқуқлари соҳасида зарур ҳуқуқий жараёнлар ва бошқа меъёрлар бузилгани учун хавотир билдирилган. Бундай шахслар қаторига БААдан экстрадиция қилинган Муҳамаджон Аҳмаджонов ва Россиядан меҳнат муҳожирлигидан қайтиши билан ҳибсга олинган Умар Бадалов киради.

«Ўзбекистон Жиноят кодексининг кўплаб моддалари, жумладан 2021 йилнинг мартида таклиф қилинган ҳамда «диний экстремизм» ва «конституцияга қарши фаолият»га тааллуқли ўзгартишлар шунчалик ноаниқ ва кенгки, улар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқларни бузади…Ушбу йўналишларда озодликдан маҳрум этилган шахсларга чиқарилган ҳукмлар, демак, ҳақиқий эмас ва фақатгина шу асосга кўра бекор қилиниши лозим», — дейилади USCIRF ҳисоботида.

Комиссия маҳкумларни реабилитация қилиш масаласидаги муаммоларни ҳам қайд этди. Гарчи фақат оқлов ҳукми реабилитация ва зарарни қоплаш ҳуқуқини берса ҳам, барча диний ва сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниш шакли қонуний реабилитацияни истисно қиладиган афв ёки амнистия кўринишида бўлган.

«Айрим ҳолатларда маҳбуслардан ёзма равишда ўз айбларига иқрор бўлишлари ёки кечирим сўрашлари сўралган, бу эса уларни кейинчалик оқлаш ёки реабилитация қилишга уринишларини имконсиз қилган. Кўпчилик шартли равишда озод қилинган. Баъзилардан компенсация ва бошқа зарарни қоплашнинг бошқа шаклларига бўлган ҳуқуқидан воз кечиш талаб қилинган. Кўп иш берувчилар собиқ диний ёки сиёсий маҳбусларни жалб қилишни хоҳламайдилар, чунки улар жарималардан ёки давлатнинг фойдали шартномаларини йўқотишдан қўрқишади; бошқалар потенциал ходим оддий жиноятчи бўлмаганига ишонишмайди», — дейилади ҳисоботда.

USCIRF давлат томонидан молиялаштириладиган иш таклифлари кўп ҳолларда «шахснинг малакаси нуқтаи назаридан номувофиқ ва баъзида камситувчи» бўлишини таъкидлайди.

«Қамоқдан кейин реабилитация қилинган мақомга эга бўлиш амалиётда жуда қийин ва озод қилинган диний маҳбусларнинг жуда оз қисми ўз ишларини қайта кўриб чиқишлари ёки реабилитациядан ўтишлари мумкин», — деб қайд этди комиссия.

«Жиддий ислоҳотларга муҳтож соҳа»

Ўзбекистон ўзининг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан кейин диний эркинлик соҳасида сезиларли ютуқларга эришди, бироқ экспертлар фикрича, бу борада ҳали ҳам яхшиланиш имкониятлари бор.

Вазият билан танишиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат ва USCIRF ҳисоботи муаллифи Стив Свердловнинг айтишича, «ҳукумат ва айниқса давлат хавфсизлик хизматларига диний эркинликни, хусусан, қўшни Афғонистондан келиб чиқадиган терроризм хавфи билан мувозанатлашга тўғри келди», — дея унинг сўзларини келтиради Washington Times.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда «ҳали ҳам катта тизимли муаммо мавжуд, яъни хавфсизлик хизматлари барча қарорларга заруратсиз таъсир кўрсатишда давом этмоқда».

Комиссия Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида қамоқхоналарда 7 мингдан 10 минггача сиёсий ва диний маҳбуслар бўлганини маълум қилди. Бундан ташқари, «потенциал диний экстремистлар»нинг «қора рўйхати»га ўн минглаб исмлар киритилган.

Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида 20 мингдан ортиқ «мустақил мусулмонлар ва уларнинг қариндошлари» «қора рўйхат»дан чиқарилди. Жумладан, 65 нафардан ортиқ таниқли сиёсий маҳбуслар ва яна диний маҳбусларнинг катта гуруҳи қўйиб юборилди.

Бироқ БМТ тузилмаларидан кўп сонли чақирувларга қарамай, расмийлар ҳеч қачон диний сабабларга кўра ҳукм қилинган озод қилинган ва қамоқда қолган фуқароларнинг сонини ёки исмларини эълон қилмаган.

«Бугун тақдим этилган ҳисобот Ўзбекистоннинг ютуқларини камайтирмайди, лекин ҳали ҳам жиддий ислоҳотларга муҳтож бўлган соҳани таъкидлайди», — дейди USCIRF раиси Надин Маэнза.

Комиссия раиси ўринбосари Нури Туркел 53 ёшли Мухитдин Иргашев ва 42 ёшли Фаррух Йўлдошев ишларига батафсил тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, иккаласи ҳам қийноққа солинган, Йўлдошевнинг етти йиллик қамоқ муддати 2000 йилдан буён бир неча бор узайтирилган. Иргашевга келсак, у 15 йилга, унинг икки ўғли узоқ муддатга — 12 ва 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.

«Бу шахслар ёки ҳисоботда кўрсатилган бошқа 79 кишининг зўравонлик, зўравонлик таҳдиди, зўравонликка ундаш ёки бошқа ҳар қандай жиноий хатти-ҳаракатларда қатнашгани ёки улар билан алоқадорлиги тўғрисида ишончли далиллар йўқ», — деди у.

Ҳисоботда жами 81 маҳкумнинг исмлари келтирилган, улар орасида Файзулла Агзамов, Жаҳонгир Камолов, Тохир Жуманов, Миразиз Мирзаҳмедов, Равшан Каримов, Жамшидбек Отабеков, Шамсиддин Ғиёсов, Рустам Турназиев, Номоз Нормуродов, Баҳромжон Иноғомов, Шуҳрат Усмонов, Қодир Юсупов ва бошқалар бор.