2021 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистондаги боғчаларда 6,6 млрд сўм ноқонуний ўзлаштирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда АОКАдаги матбуот анжуманида тақдим этилган Мактабгача таълим вазирлигининг Ички аудит хизмати ҳисоботида айтилади.

Январь-сентябрь ойларида вазирлик тизимдаги ташкилотларда жами 282 та назорат тадбири ўтказилиб, улардан 106 таси (37%) фуқароларнинг мурожаати асосида бўлиб ўтган.

Тадбирлар давомида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда товар моддий бойликларидан 6,6 млрд сўм камомад ва ноқонуний ўзлаштириш холатлари аниқланган. Шундан ишламайдиган ходимлар номига ёзилган иш хақилари 2,4 млрд сўмни ташкил этади. Жумладан:

  • Чилонзор туманидаги 291-сонли МТТ 2020−2021 йилларда 8 нафар ишламаган ва вазифаларини бажармаган ходимларга 32 млн сўм;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидаги 1-сон ДМТТда ишламаган ва вазифаларини бажармаган ходимларга 8 млн сўм;
  • Самарқанд шаҳардаги 58-сонли МТТда 2019−2021 йилларда 5 нафар ишламаган ва вазифаларини бажармаган ходимларга 17 млн сўм ноқонуний хисобдан чиқарилган.

Бундан ташқари, профилактика натижасида 5,5 млрд сўмлик маблағ ва товарларнинг талон-тарож бўлиши олди олинган. Жумладан, Андижон вилоятининг 9 та туман шаҳарларида 2,8 млрд сўмлик мебел жиҳозлар бухгалтерия балансига кирим қилинмаганлиги аниқланган. Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида 2021 йилнинг январ ойида харид қилинган мебель жиҳозлари 5 ойдан буён кирим қилинмасдан келаётганлиги аниқланиб, ташкилот хисобига кирим қилинган.

Ташкилотлар мулкини қайта хатлар инвентаризация қилиш натижасида 962 млн сўмлик товар моддий бойликлар ортиқчалиги аниқланиб ташкилот хисобига қайта кирим қилинди.

Бошқа ҳолатда озиқ-овқат махсулотлари тўлиқ олинмаган бўлсада, Навоий вилояти Хатирчи тумани МТБ томонидан 100% пулларни таъминотчига ўтказиб бериш оқибатида 152 млн сўм муддати ўтган дебитор қарздорлик юзага келишига сабаб бўлган. Шундан 66 млн сўм 2018−2019 йилдан буён ундирилмаган ва ундириш чоралари кўрилмаган.

Шунингдек, мулкни сотишдан тушган маблағлардан 242 млн. сўми тегишли махаллий бюджетларнинг даромадига ўтказиб берилмаган.

Бундан ташқари, вазирликнинг маълум қилишича, тизимдаги ташкилотлар томонидан давлат харид қонунчилиги талабларига амал қилмасдан амалга оширилган харидлар 10,5 млрд сўмни ташкил этган.

Ўтказилаётган профилактика натижасида товар моддий бойликларни харид қилиш ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун давлат харидлари электрон порталига жойлаштирилган эълонлар нотўғри қўйилганлиги, яъни харид бўйича тўлиқ маълумотлар жойлаштирилмаганлиги ёки бажариш муддатларини сунъий равишда кам кўрсатилиши натижасида 4 млрд сўмлик эълонлар бекор қилиниб, қайта жойлаштирилиши таъминланган.

9 ойликда жами 265 та тўпланган хужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қонуний қарор қабул қилиш учун юборилган.