Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, коронавирусга ПЦР текширувини ўтказиш учун Ўзбекистонга мобил кўчма лаборатория олиб келинди.

Лаборатория Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ва OPASCA компанияси кўмагида «Германия ҳукумати томонидан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини техник ва ташкилий қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида жўнатилди.

Ускунанинг қуввати кунига 1500 та таҳлил учун мўлжалланган. У 6 соатгача электрсиз ишлаши мумкин. Лаборатория ҳайдовчи ва учта тиббиёт ходимининг ишига тўлиқ мослаштирилган. Унда дам олиш, овқатланиш, чўмилиш ва бошқа эҳтиёжлар учун зарур шароитлар мавжуд.

Кўчма лаборатория дастлабки фаолиятини Самарқанд вилоятининг чекка ва аҳоли гавжум бўлган ҳудудларида бошлайди. Аҳоли ушбу лабораторияда коронавирусга бепул тест топшириши мумкин.

Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевнинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида 200 га яқин ПЦР лабораториялари фаолият кўрсатмоқда. Бироқ чекка ва олис ҳудудлар аҳолисини тўлиқ қамраб олишда баъзи муаммолар юзага келган.



«Шу сабабли, бугун тақдим этиладиган кўчма мобил ПЦР лабораторияси сизга мамлакатнинг исталган жойига саёҳат қилиш ва коронавирус учун таҳлил ўтказиш имконини беради. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, бу замонавий техникалар ёрдамида 1 соат ичида ПЦР тест натижаларини олиш мумкин», — деди у.