Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган юбилей мажлисида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Беларусь президенти Александр Лукашенко раислигида ўтган саммит ишида Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Молдова бош вазири Наталья Гаврилица, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — ижрочи котиби Сергей Лебедев ҳам қатнашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида МДҲ доирасидаги шерикликни мустаҳкамлашнинг муҳим йўналишлари юзасидан нуқтаи-назарини баён қилди.

Ҳамдўстлик мамлакатларида барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш муҳим эканини алоҳида таъкидлади.

Ҳамдўстлик маконида эркин савдо ҳудудининг истиснолик ва чекловларсиз, тўлақонли фаолият юритиши зарурлиги қайд этилди. Шу муносабат билан комплекс таҳлил асосида бирлашма доирасидаги савдо сиёсатини янада либераллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш таклиф этилди.

«Қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бизнеснинг узоқ муддатли лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон президенти саноат кооперациясини ривожлоантиришни МДҲ маконининг 2022 йилги иқтисодий кун тартибининг муҳим масаласи сифатида белгилашни таклиф қилди», — дейилади президент матбуот хизмати берган хабарда.

Қўшимча қилинишича, Ўзбекистон ташаббуси билан ҳамкорлик бўйича тегишли узоқ муддатли дастур тайёрланмоқда. Келгуси йилда мамлакатда Ҳамдўстликда саноат кооперацияси бўйича форум ва кўргазма ўтказилади.

Давлат раҳбари самарали минтақалараро ва трансқитъавий транспорт йўлаклари тизимини, шу жумладан юк ташиш тарифларини пасайтириш ва тартиботларини соддалаштириш орқали янада ривожлантириш заруриятига алоҳида эътибор қаратди.

Ҳамдўстлик мамлакатларининг технологик ва IT-парклари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича дастур ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.

МДҲ Иқтисодий кенгаши фаолиятига мамлакатларнинг ишбилармон доиралари ва ҳудудлари вакилларини жалб қилиш орқали кенгаш фаолиятини кучайтириш муҳим экани таъкидланди.

Бундан ташқари, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва «яшил» кун тартибини илгари суриш, биологик хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, меҳнат бозорини такомиллаштириш, ўзаро сайёҳлар оқимини қайта тиклаш ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти афғон халқига инсонпарварлик ва иқтисодий ёрдамни давом эттириш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.

Айни пайтда терроризм ва наркотрафикка қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари халқларининг фаровонлиги йўлидаги шерикликда аниқ натижаларга эришиш мақсадида конструктив мулоқотни давом эттириш ва яқиндан ҳамкорлик қилишда қатъий эканини тасдиқлади.

Саммит якунида ташкилотнинг 30 йиллиги муносабати билан баёнот, биологик хавфсизликни таъминлаш, миграция соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида баёнотлар, Олий судлар вакилларининг кенгашини тузиш тўғрисида битим ҳамда кўп томонлама ҳамкорликнинг турли йўналишларига доир бошқа қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.