14 октябрь куни Жаҳон одил судлов лойиҳаси (World Justice Project) Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2021 йилги натижаларини (PDF) эълон қилди. Ўзбекистон ушбу индексда 14 поғонага кўтарилиб, энг яхши натижа кўрсатган мамлакатдан бирига айланди.

2021 йил тадқиқотларда 138 мингта уй хўжалиги ва 4 мингдан ортиқ ҳуқуқшунос ва мутахассислар ўртасида сўровлар ўтказилди. Унда 139 та мамлакатдаги ҳуқуқ устуворлиги даражаси баҳоланган.

Бу йилги тадқиқотлар шунингдек, янги 11 та мамлакат: Гаити, Ирландия, Кипр, Латвия, Литва, Люксембург, Мальта, Парагвай, Конго Республикаси, Словакия Республикаси, Судан. Шунингдек, индекс илк бор бутун Европа Иттифоқини қамраб олган.

Тадқиқотга кўра, тўртинчи йил кетма-кет кўп мамлакатлар қонун устуворлиги бўйича ўз кўрсаткичларини яхшилаш ўрнига пасайтирди. COVID-19 глобал пандемияси ҳукмронлик қилган бир йил мобайнида ўрганишлар олиб борилган мамлакатларнинг 74,2 фоизида ҳуқуқ устуворлиги кўрсаткичлари пасайиб борди, қолган 25,8 фоизиники эса юқорилади. Бу йил пасайиш кузатилган мамлакатларнинг 74,2 фоизига дунё аҳолисининг 84,7 фоизи ёки 6,5 млрд киши тўғри келади.

Шунга қарамасдан, бу йилги нашрда Ўзбекистонга берилган баҳолар 4,1 фоизга — жами 0,49 баллга кўтарилган. Натижада мамлакат ўз ўрнини 14 поғонага яхшилаб, 85 ўринни эгаллади.


Фото: World Justice Project.

Ҳуқуқ устуворлиги соҳасидаги энг яхши кўрсаткичга эга бўлган мамлакатлар қаторида Ўзбекистон (асосан давлат ваколатларига чекловларни ошириш ва коррупциянинг йўқлиги билан боғлиқ кўрсаткични — 4,1 фоизга яхшилади) ва Молдова (3,2 фоизга яхшиланиб, 16 ўринга кўтарилган, асосан давлат ваколатларига чекловларни ошириш, коррупция, очиқ ҳукумат, фуқаролик ва жиноий адолатга эришиш) эътироф этилди.

WJP ташкилотининг 2021 йилги Ҳуқуқ устуворлиги индексида Дания, Норвегия ва Финляндия илғори ўринларни эгаллади. Венесуэла, Камбоджа ва Конго Демократик Республикаси 2020 йилдаги каби энг паст умумий ҳуқуқ устуворлиги кўрсаткичларини қайд этди.

Ҳуқуқ устуворлиги энг катта пасайиши Беларусга (-7,5%) ва Мьянмага (-6,3%) тўғри келмоқда. Ҳар икки давлатда ҳам пасайиш асосан давлат ваколатларини чеклаш ва асосий ҳуқуқлар кўрсаткичларининг пасайиши билан боғлиқ.