«Ички ишлар органлари фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Huquqiy axborot» Telegram-канали хабар берди.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 мартдан қуйидаги хизматлар ЯИДХП орқали электрон шаклда кўрсатилади:

  • Ўзбекистонга чет давлат фуқаросини таклиф қилиш;
  • чет давлатда Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва маълумотномалар олиш;
  • судланганлик (судланмаганлик) ҳақидаги маълумотлар олиш;
  • автотранспорт воситаларида тақиқ мавжудлигини текшириш;
  • жазони ижро этиш муассасалари ва манзил колонияларида сақланаётганларни уларнинг яқин қариндошлари билан учрашув вақтини белгилаш.

Ҳайдовчининг йўл-патрул хизмати инспекторига тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлари ёнида бўлмаган тақдирда улар махсус планшет қурилмаси ёрдамида идентификация ID-картаси орқали текширилади.

Бунда, идентификация ID-картага эга фуқароларга тегишли транспорт воситаси ҳайдовчисидан қуйидагиларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади:

  • янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси;
  • транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги, транспортга эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • транспорт эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси.

2022 йил 1 февралгача суғурта шартномалари тўғрисидаги маълумотлар ягона ахборот тизимига тўлиқ киритилади.

Қарор билан шунингдек, ИИО тизимига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Маълумот учун, 2021 йил 1 январдан Ўзбекистонда шахсни идентификациялашнинг ягона механизмини жорий этиш бошланиб, 2030 йилгача паспортлар ID-карталарга алмаштирилади.

19 майдан бошлаб ID карта ёрдамида текшириш амалиёти Тошкент шаҳрида синов тариқасида жорий этилганди.

Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрдан ҳайдовчилардан автомототранспортни бошқариш учун ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган), техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома электрон шаклга ўтказиш орқали мазкур ҳужжатларни ҳайдовчидан талаб этиш тартиби бекор қилинган.