Президентнинг 27 майдаги қарори билан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилган эди.

Ҳукуматнинг 13 октябрдаги қарори асосида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази 2022 йил 1 январдан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилади.

Марказ шунингдек, юридик шахс мақомига эга давлат тиббиёт муассасаси сифатида фаолиятини давом эттиради.

Ҳужжатга мувофиқ, Гематологик ва онкологик касалликларга чалинган болаларга паллиатив тиббий хизмат кўрсатиш Марказнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Онкологик ва гематологик беморларга республика бош тиббиёт ташкилотларида даволаниш учун имтиёзли йўлланмалар асосида беморлар позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлар республика бюджетидан қопланади. Рўйхат ССВ томонидан Молия вазирлиги билан келишилган тарзда тасдиқланади.

Имтиёзли йўлланма берилган тақдирда уларнинг темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджетдан қоплаб берилади.

Бунда бемор ёки унинг қонуний вакили республика бош тиббиёт ташкилотларида даволаниш учун имтиёзли йўлланма ёки ваучер билан бирга шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни Тошкент шаҳрига келишдан 3 кун олдин темир йўл ёки авиатранспорт кассаларига тақдим этиши лозим.

Чипталар шу куннинг ўзида, тежамкор «econom» (хоҳишга кўра плацкарт ёки купе) тоифасида расмийлаштирилади. Бемор ёки унинг қонуний вакили талабига кўра қўшимча тўлов асосида «econom»га кирмайдиган йўл чипталари харид қилиниши ҳам мумкин. Мазкур муддатдан кеч қолган ҳолатда, пуллик асосда йўл чипталари расмийлаштирилади.

Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари қаторида гематологик ва онкологик касалликларга чалинган болаларга паллиатив тиббий хизмат кўрсатиш, нуфузли хорижий тиббиёт марказлари билан халқаро ҳамкорликни амалга ошириш билан шуғулланади.

Қарор билан ССВга 2021 йил 20 декабрдан республика ва вилоят миқёсида болалар гематологияси, онкология ва клинил иммунологияси йўналишидаги тиббий хизматлар ҳажми ва тури бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқлаш вазифаси ҳам юклатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, май ойининг ўрталарида президент Шавкат Мирзиёев республика гематология ҳамда онкология ва радиология марказларига ташриф буюриб, бемор ва уларнинг қариндошлари билан суҳбатлашганди ва Ўзбекистондаги онкология хизмати яхшилаш бўйича вазифаларни белгилаган эди.