Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) бўйича халқаро сертификатлар учун ўқитиш ва имтиҳон харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Бу ҳақда Norma хабар берди.

13 октябрь куни Молия вазирлиги ўқиш ва имтиҳон харажатлари қоплаб бериладиган бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар ва халқаро бухгалтер сертификатлари рўйхатини тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилди. Унга қуйидаги фанлар ва халқаро сертификатлар киради:

  • Association of Chartered Certified Accountants, ACCA томонидан — Financial Reporting (FR), Diploma of International Financial Reporting (DipIFR), Audit and Assurance (AA).
  • Certified Institute of Management Accountants (CIMA) томонидан — Financial Reporting and Taxation (F1).
  • Institute of Chartered Accountants in England and Wales (ICAEW) томонидан — Associated Chartered Accountant (ACA), Audit and Assurance, Financial Accounting and Reporting.

Шунингдек, қуйидаги шахсларнинг ўқиш ва имтиҳон харажатлари қоплаб берилади:

  • олий ўқув юртларининг «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари ўқитувчилари;
  • олий ўқув юртлари талабалари;
  • олий ўқув юртлари битирувчилари (олий ўқув юртини тугатгандан сўнг олти ой ичида);
  • давлат идоралари ходимлари.

2020 йил 2 февраль куни Шавкат Мирзиёев молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишни жадаллаштириш орқали хорижий инвесторларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш бўйича қарор қабул қилган эди.