«Толибон» Aфғонистонда ўрмонларни кесиш ва ёғоч контрабандасини тақиқлади

Aфғонистон муваққат ҳукумати мамлакатда ўрмонларни кесиш ва ёғоч контрабандасини тақиқловчи фармон чиқарди. Бу ҳақда ҳаракат вакили, ахборот ва маданият вазири ўринбосари Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилди. «Бугун ҳукумат қарори билан ўрмонларни кесиш, шунингдек ёғочни ноқонуний сотиш ва контрабанда қилишни қатъиян тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Вилоятлардаги хавфсизлик хизматлари ва ҳокимият органлари буни диққат билан кузатиб бориши ва бундай ҳаракатларнинг олдини олишлари керак», — дейилади қарорда.

Узоқ вақт давомида ёғоч Aфғонистоннинг асосий энергия манбаларидан бири бўлган, лекин ўрмонларнинг назоратсиз кесилиши иқлим ўзгариши билан бирга дарахтлар сонининг сезиларли камайишига ва натижада атроф-муҳитнинг ифлосланишига олиб келди, деб ёзади ТАСС. Халқаро экспертларнинг фикрича, 1990 йилдан 2005 йилгача Aфғонистондаги ўрмонли ҳудудларнинг умумий майдони учдан бир қисмга қисқарган. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, 2015 йилда Aфғонистонда умумий ўрмон майдони 1,35 млн гектарни ёки мамлакат ҳудудининг 2,1 фоизини ташкил қилган. Аввалги ҳукумат 2025 йилга келиб ўрмонлар майдонини 1,9 млн гектарга етказишни режалаштирганди. — ТАСС.

Шунингдек:

  • Aфғонистоннинг Қандаҳор шаҳридаги шиа масжидида содир бўлган портлаш оқибатида 62 киши ҳалок бўлди. Бундан ташқари, камида 68 киши жароҳатланган. Қайд этилишича, портлаш жума намози пайтида содир бўлган. «Толибон»нинг маданият бўйича комиссияси аъзоси Муҳаммад Жалолнинг айтишича, портлаш «Хуросондаги Исломий давлат» террорчилар гуруҳи томонидан уюштирилган ва амалга оширилган. Бир ҳафта олдин Aфғонистоннинг Қундуз шаҳридаги шиа масжидида ҳам жума намози пайтида портлаш содир бўлганди, унда ўнлаб одамлар теракт қурбонига айланганди. — ТАСС.
  • «Толибон» мамлакатда Олий суд ташкил этилганини эълон қилди. Хабарга кўра, мавлавий Aбдул Ҳаким Ҳаққоний бош судья этиб тайинланган, мавлавий Муҳаммад Қосим Туркман эса унинг биринчи ўринбосари бўлди. — ТАСС.

Италияда ишчиларга мажбурий COVID-сертификатлари жорий этилди

Италияда давлат ва хусусий сектор ходимлари учун мажбурий COVID-сертификатлари жорий этилди. Аввалроқ, коронавирусга қарши эмланиш, касалликни бошдан кечиргани ёки ПЦР-текширувининг манфий натижаси тўғрисидаги ҳужжат фақат таълим муассасалари ходимлари ва университет талабалари учун мажбурий бўлганди. Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари учун эмланиш мажбурий бўлган.

Иш жойига мазкур сертификатсиз қўйган иш берувчи, шунингдек ходимнинг ўзи ҳам 600 дан 1500 еврогача жаримага тортилиши кўзда тутилган. — Corriere della Sera.

Интерфакснинг ёзишича, жума куни Италия портларида мажбурий сертификатларга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Таъкидланишича, 300 га яқин киши Италиянинг шимоли-ғарбий қисмидаги Генуя портига киришни тўсиб қўйишди, мамлакат шимоли-шарқидаги Триест портида ҳам юзлаб одамлар норозилик намойишига чиқишди. Триестдаги намойишчилар иш ташлашни давом эттиришини маълум қилдилар.


МДҲ доирасида Олий судлар раислари кенгаши тузилади

МДҲ таркибида олий (юқори) судлар раислари кенгаши тузилади. Бу жума куни бўлиб ўтган йиғилиш якунида Давлат раҳбарлари кенгаши томонидан тасдиқланган келишувда кўзда тутилган.

Ҳужжатда кенгаш ваколатига «МДҲ доирасида қабул қилинган ҳуқуқий ҳамкорлик соҳасидаги халқаро шартномалар ва бошқа ҳужжатларни бажаришга кўмаклашиш, ҳамдўстлик мамлакатлари адлия органларининг ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, суд ҳужжатларини ижро этилишини эътироф этиш ва рухсат бериш, судьялар ва суд ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш» таклиф қилинган, деб белгиланган.

Олий судлар раҳбарлари кенгашининг асосий вазифаларидан бири миллий қонунчилик ва суд амалиёти, шунингдек, миллий судлар томонидан ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида МДҲ доирасида тузилган халқаро шартномаларни қўллаш амалиёти тўғрисида маълумот алмашиш бўлади. — МДҲ веб-саҳифаси.

Шунингдек:

  • МДҲ давлатлари раҳбарлари ҳамдўстликнинг дунёдаги мавқеини мустаҳкамлаш бўйича умумий келишувга эришдилар. «Биз Ҳамдўстлик салоҳиятини янада амалга ошириш, халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш ва унинг янада динамик ривожланишини таъминлашни умумий вазифамиз деб биламиз», — дейилади МДҲ давлат раҳбарларининг баёнотида. Ҳужжатда таъкидланишича, ташкилот давлатлари раҳбарлари савдо-иқтисодий ўзаро ҳамкорликни МДҲ давлатларининг иқтисодий интеграциясини янада чуқурлаштириш ва барқарор ривожланишининг асосий омили деб билишади. Шу муносабат билан ҳамдўстлик давлатлари раҳбарлари самарали иқтисодий ҳамкорлик, эркин савдо зонасининг тўлақонли ишлаши ва манфаатдор давлатларнинг чуқур иқтисодий интеграцияга ўтиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш истагини билдиришди.

LinkedIn ижтимоий тармоғи Хитойдаги фаолиятини тўхтатади

Иш қидириш ва бизнес алоқалари учун мўлжалланган LinkedIn ижтимоий тармоғи Пекин интернетни тартибга солиш қоидаларини кучайтиргани сабабли бу йил Хитойдаги фаолиятини тўхтатади. «Биз хитойлик фойдаланувчиларга иқтисодиётда иш ва имкониятлар топишда ёрдам беришда муваффақият қозонган бўлсак-да, биз маълумот алмашиш ва қабул қилишнинг ижтимоий жиҳатларида бир хил муваффақиятга эриша олмадик. Шунингдек, биз Хитойда анча мураккаб иш муҳити ва қатъий тартибга солиш талабларига дуч келдик», дейилади LinkedIn баёнотида.

LinkedInга эгалик қилувчи Microsoft Хитой учун махсус ишлаб чиқилган, платформанинг маҳаллийлаштирилган версиясини — InJobs иловаси тақдим этди. Иловада иш қидириш ва тармоққа уланиш имкониятлари бир хил бўлади, лекин у «бошқа ижтимоий тармоқлар каби тасма ва нашрлар ва мақолалар билан бўлишиш имкониятига» эга бўлмайди.

Аввалроқ, Қозоғистон Aхборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги LinkedIn томонидан алоқа тўғрисидаги қонун талаблари бузилгани сабабли уни блоклашга қарор қилганди.