Ўзбекистоннинг собиқ молия вазири, собиқ бош вазир ўринбосари, ҳозирда «Ўзбекинвест» компанияси раҳбари сифатида фаолият юритаётган Рустам Азимов 2017 йил июнь ойида ҳукуматдаги лавозимини тарк этганидан сўнг биринчи маротаба ОАВда чиқиш қилди. У ЎзА учун мақола ёзди.

Азимов ўз мақоласида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов давридаги муҳим воқеаларга тўхталиб, унинг қўл остида ишлаганини эслайди.

«Биринчи Президентимизнинг қўл остиларида 25 йил ишлаш мен учун жуда катта ҳам мактаб, ҳам синов эди. Ислом Абдуғаниевич Каримов ўта талабчан инсон эдилар. Лекин улар ушбу талабчанликни олдин ўзларига қаратар, кейин қўл остида ишлайдиганлардан талаб қилар эдилар», — дейди у.

Шундан кейин, у сўнгги беш йилда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларни эътироф этади.

Собиқ ҳукумат аъзоси Ўзбекистон ушбу даврда демократик жамиятни қуришга киришганини ва бу осон бўлмаганини таъкидлайди.

«Эксперт ва мутахассислар „бу қадамни босишнинг вақти ҳали келмади, Сиз ҳам, маҳаллий ҳокимликлар ҳам жуда катта қийинчиликларга дуч келасизлар“ деб муҳтарам президентимизни бу йўлдан қайтармоқчи бўлишган. Лекин, Шавкат Миромонович ўзларининг метин иродалари туфайли жуда тўғри ва доно қарор қабул қилдилар. Чунки, демократия бўлмаган давлатда ривожланиш бўлиши жуда қийин. Қўпол қилиб айтганда, бир қушнинг қанотларини кесиб ташласангиз, у учмайди. Демократия халқимизнинг қанотларни кенг ёйиб, парвоз қилишга, яъни ижодкорлик, ташаббускорлик ва янгиликка интилишга бўлган хусусиятларига кенг йўл очди», — дея таъкидлайди у.

Бундан ташқари, у мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги, камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотларга ҳам тўхталиб ўтган.

Рустам Азимов мамлакатда йиғилиб қолган муаммоларни «фақат ўзимизнинг чегараланган манбалар ҳисобидан тўлиқ ҳал қилишнинг имкони йўқ"лигини таъкидлайди. Шунинг учун Ўзбекистон четдан қарз олишга мажбурлигини айтади.

«Тўғри, қарз ошмоқда, лекин шу билан бирга иқтисодиётимиз ҳам тез суръатлар билан ўсмоқда, ўсаётган иқтисодиёт эса, менинг фикримча, бу қарзларни ўз вақтида тўлашга тўлиқ имконият беради», — дейди собиқ молия вазири.

Азимов мамлакатдаги бошқа соҳалардаги охирги беш йилдаги ислоҳотлар ва ютуқларда ҳам амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг хизматларини эътироф этади.

«35 миллион аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳаётини тубдан ҳар томонлама ислоҳ қилиш дастурини ишлаб чиқиш ва бошқариш ўз-ўзидан бўлмайди. Бу ўта оғир юкни фақат давлатимизда вазиятни чуқур биладиган, бой билим ва тажрибага эга бўлган, иродали ва довюрак, олий даражадаги ташкилотчилик қобилиятига эга — миллий лидер Шавкат Мирзиёев матонат билан ўз зиммаларига олиб, амалга оширмоқдалар», — дейди у.

У Шавкат Мирзиёев бош вазир лавозимида ишлаган пайтларида ҳам кўп долзарб масалаларни ўз зиммасига олиб, ижобий томонга ҳал қилишга ҳаракат қилиб келганлигини таъкидлади.

«Мисол учун, пахта ҳосилига бевосита шахсий масъул бўлишларига қарамасдан, қонимизга сингган „амри вожиб“ деган тушунчани четга суриб қўйиб, қатъият билан мактаб болаларини пахта йиғим-теримида далага чиқармасликка қарор қилдилар ва маҳаллий ҳокимларни ҳам шунга ундадилар», — дейди собиқ бош вазир ўринбосари.

«Ечилиши лозим бўлган энг долзарб масалалардан, авваламбор, ёшларимизга сифатли таълим ва тўғри тарбия беришимиз, иқтисодий жиҳатдан оммавий равишда янги замонавий иш жойларини хусусий бизнес орқали барпо этиш ва чўл ерларда 4 йил ишлаган инсон сифатида ўйлайманки, сув ресурсларидан чуқур ўйланган ва узоқ муддатли оқилона фойдаланиш стратегияси асосида амалга оширилган ишлар натижасидагина давлатимиз ва халқимиз сўзсиз ўз мақсаду муродига етади», — дейди Рустам Азимов.


Маълумот учун, Рустам Содиқович Азимов (1958 йилда туғилган) 1998 йилдан молия вазири, иқтисодиёт вазири, бош вазирнинг ўринбосари ва биринчи ўринбосари лавозлимларида фоалият олиб борган.

2016 йил 8 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон президенти вазифа ва ваколатлари вақтинча юклатилган парламентининг қўшма мажлисида Рустам Азимов ҳам нутқ сўзлаб, Мирзиёевни «Ислом Каримовнинг содиқ шогирди ва сиёсий фарзанди» дея таърифлаган эди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан сўнг 2016 йилнинг декабрида у молия вазири лавозимидан озод этилиб, бош вазир ўринбосари этиб тайинланган эди. 2017 йилнинг июнь ойида бош вазир ўринбосари лавозимидан озод этилиб, «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси раҳбари этиб тайинланган эди.

Амалдаги президент Рустам Азимов раҳбарлигидаги Молия вазирлигининг фаолиятини танқид қилган эди. 2017 йилнинг декабрида у Олий Мажлисга мурожаатномасида шундай деган эди:

«Нега мен Минфинда 15 йил ўтирган, лекин ҳеч нарсани тушунмаган ҳаммани ишдан олдим? Мен раҳбарларини ишдан олдим, лекин қуйи поғона ҳали ўтирибди. Ҳеч нарса ўзгармаяпти. Келинглар, ҳар битта одамни бой қилайлик, халқ солиқ тўлаяптику. Биз ундан ҳамма нарсани тортиб олсак, у қандай қилиб солиқ тўлайди. Одамлар энди-энди ўзгаришни бошлаяпти, энди ишонишни бошлаяпти, булар эса бошидан…»

Шавкат Мирзиёев ўша пайтдаги молия вазири Жамшид Қўчқоровдан (ҳозирда бош вазир ўринбосари ва иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири) молияни тушунмайдиганларни ишдан олиш ва тизимни «каламушлардан» тозалашни талаб қилган эди: «Ўйлаб кўр, атрофингдаги ҳаммани ҳайда. Кеча у огоҳлантирилди, агар ўзгаришлар бўлмаса бир ойдан кейин ишдан ҳайдалади. Бунақа „молиялар“ менга керак эмас». Бу чиқишдан сўнг Молия вазирлиги тизимида «кадрларни тозалаш» бошланди. 560 нафар ходим ишдан ҳайдалди.