14 октябрь куни бир қанча Telegram каналларда Chevrolet Lacetti ортилган автоконтейнерлар ун омбори томон ҳаракатланаётгани акс этган видеолар тарқалди. Лавҳа муаллифи автомобиллар нима сабабдан омборга олиб кетилаётгани ҳақида сўраган.

UzAuto Motors компанияси мазкур ҳолатни тасдиқлаб, изоҳ берди.

«Гап шундаки, компания кунига 250−300 дона Chevrolet Lacetti автомобилини ишлаб чиқаради. Биз ушбу автомобилларни яримўтказгич деталининг йўқлиги сабабли ўз эгаларига топширолмаймиз. Автомобиль тайёр, аммо биргина деталнинг йўқлиги қайсидир тизимнинг ишламаслигига сабаб бўлади. Масалан — хавфсизлик ёстиқчалари», — дейилади хабарда.

UzAuto Motors ушбу детални олиши биланоқ уни автомобилларга ўрнатади ва харидорга топширади, дея ишонтирмоқда компания.

«Бу тайёр, аммо сотиб бўлмайдиган автомобиллар заводдаги тайёр маҳсулот учун ажратилган жойни тўлдириб бўлишди. Мана шу сабаб билан UzAuto Motors „Ўздонмаҳсулот“ билан автомобилларни корхона ҳудудида вақтинча сақлаш тўғрисида шартнома тузди», — дея ҳолатга изоҳ берилган.

Аввалроқ, жорий йилнинг бошидан 8 ой мобайнида UzAuto Motors 130,4 мингта автомобиль ишлаб чиқаргани, август ойида эса 5534 та, жумладан 350 та Cobalt, 177 та Nexia, 2 та Lacetti ва битта Spark ишлаб чиқаргани маълум бўлганди.

Компания буни автомобиль ишлаб чиқариш учун зарур бўлган яримўтказгичларнинг танқислиги билан боғламоқда. Бу глобал муаммо бўлиб, коронавирус пандемияси сабаб бутун дунёда етказиб бериш кечикмоқда. Дунё бўйлаб барча автоконцернларга деярли бир йил давомида микрочиплар етишмаяпти.