Қашқадарёда ўтган 9 ойда ЙТҲлар оқибатида 181 киши вафот этган

Қашқадарёда 9 ойда содир бўлган 369 та ЙТҲ оқибатида 181 киши вафот этган. Шундан 31 нафари вояга етмаган болалар бўлган. Ҳудудлар кесимида энг кўп ЙТҲлар Қарши шаҳри ҳамда Чироқчи ва Қарши туманларида содир бўлган.

Tashkent City боғига кириш бепул бўлди

Tashkent City боғига кириш 14 октябрдан бепул бўлди. Автотранспорт воситалари кириши бундан мустасно.

АҚШ Ўзбекистон билан терроризмга қарши курашиш кучларини жойлаштиришни муҳокама қилмоқчи — ОАВ

Politico нашрининг ёзишича, АҚШ Мудофаа вазирлиги вакиллари октябрда Ўзбекистондаги ташриф давомида АҚШнинг терроризмга қарши курашиш кучларини жойлаштиришни муҳокама қилмоқчи. Шунингдек, Афғонистондан АҚШ ҳарбийлари чиқиб кетгач, Америка ташқи сиёсатида Ўзбекистоннинг ўрни мустаҳкамлашгани айтилмоқда. Бунда мамлакатнинг Вашингтондаги элчихонасининг тизимли фаолияти эътироф этилган.

Алоҳида тоифали ёшларга уй-жой қуриш учун гаровсиз кредитлар ажратилади

«Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари» га кирган оилалар фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари» даги ёшларга турмуш қураётганида ўз хонадонидан қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз 30 млн сўмгача кредитлар берилади. Ҳукумат қарори билан кредит ажратишнинг тартиби белгилаб берилди.

«Мигрантлар ҳам мамлакат тараққиёти учун солиқ тўласин» — Алишер Қодиров

«Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров сайловчилар билан мулоқотда мигрантлардан ҳам солиқ ундириш таклифини билдирди. «Келинглар энди яна ҳам ватанпарварроқ бўлайлик, мигрантлар ҳам ўзининг солиғини мамлакат тараққиёти учун тўласин», — деди у.

Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаларини жойлаштириш муҳокама қилинмаяпти — Абдулазиз Камилов

ТИВ раҳбари Абдулазиз Камиловнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳудудида АҚШнинг терроризмга қарши курашиш бўйича қуролли кучларини жойлаштириш имконияти муҳокама қилинмаяпти ва бу масала кун тартибида ҳам тургани йўқ.

Қизил китобга киритилган 8 бош лочинни сотишга уринган шахс қўлга олинди

Қизил китобга киритилган лочинларни 280 млн сўмга сотмоқчи бўлган шахс ва харидор қўлга тушди. Давлат божхона қўмитасининг маълум қилишича, «қушларнинг 6 нафари Қизил китобга Итолғи номи билан киритилган бўлиб, улар тобора йўқолиб бораётган тур ҳисобанади». Лочинлар вақтинча Тошкент ҳайвонот боғига топширилди.

Фарғонада эр-хотин қарздорликни ундиришга келган МИБ ходимига чақалоғини ёқиб юбориш билан таҳдид қилди

Қувасой шаҳрида эр-хотин 32,5 млн сўм қарздорликни ундиришга келган МИБ ходимларига қаршилик кўрсатиб, чақалоғининг устига бензин сепиб, ёқиб юбориш билан қўрқитди. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш ва ҳақорат қилиш моддалари билан иш очилди.

Бухорода боғча мудираси ходимни ишга сақлаб қолиш учун 300 минг сўм талаб қилди

Бухорода ходимни ишга сақлаб қолиш учун 300 минг сўм талаб қилган мактабгача таълим ташкилотининг мудираси қўлга олинди.

Самарқанд вилоятида куйдирги тарқалгани ҳақидаги маълумот тасдиқланмади — Ветеринария қўмитаси

Самарқанд вилоятидаги қишлоқлардан бирида ҳайвонлар орасида Сибир яраси (куйдирги) касаллиги тарқалгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади. Давлат ветеринария қўмитаси лаборатория текширувлари натижаларига таяниб бу ҳақда маълум қилди.

UzAuto Motors микрочиплар етишмаслиги сабаб автомобилларни ун омборида сақлашга мажбур

UzAuto Motors заводида микрочиплар етишмовчилиги туфайли деярли тайёр Lacetti автомобилларини қўйиш учун жой тугади. Автомобиль ишлаб чиқарувчи чиплар етказиб берилгунига қадар машиналарни ун омборида сақлаб туришга мажбур бўлмоқда.

Россиядан фуқароларни олиб келиш учун 4 та махсус йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилади

Россияда қолиб кетган фуқароларни қайтариш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан «Волжский-Тошкент» йўналишида 4 та махсус рейс йўлга қўйилади. Поездлар 22, 25, 29 октябрь ҳамда 1 ноябрь кунлари «Волжский-Тошкент» йўналишида ҳаракатини амалга оширади.

2800 дан ортиқ ўқувчи сабабсиз дарс қолдиргани аниқланди — ХТВ

Ўзбекистоннинг 10 минга яқин мактабларида ўтказилган икки кунлик рейдларда 2832 нафар ўқувчи дарсларни сабабсиз қолдиргани маълум бўлди. ХТВ хабарига кўра, уларнинг 507 нафари интернет клубларда вақт ўтказаётгани, 338 нафари эса бозорда савдо-сотиқ, аравакашлик билан шуғулланаётгани аниқланган.

Шавкат Мирзиёев Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этди

Ўзбекистон етакчиси Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этди. Шавкат Мирзиёев ўзаро савдода мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, техник регламент ва стандартларни уйғунлаштириш, божхона тартиботларни рақамлаштириш бўйича қўшма «йўл харита» сини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди. Шунингдек, у давлатлар раҳбарларини 2022 йил сентябрда Нукусда ўтказиладиган «Яшил» энергетика бўйича халқаро форумга таклиф қилди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Стрит-арт — санъатми ёки вандализм?

Граффити, постерлар, мураллар, теглар, асфальтдаги расмлар — буларнинг барчаси стрит-арт, шаҳар кўчаларидаги санъат ҳисобланади. Баъзилар учун эса жамоат жойлари, метро ва ер ости йўлларидаги графиттилар ваҳшийлик ва безориликка ўхшайди. Тасвирлар асосан бирор муаммоли мавзуни кенг омма олдида тарғиб қилиш учун яширин тарзда чизилади. Стрит-арт қандай келиб чиққан, унинг йўналишлари, машҳур «кўча рассомлари» ҳақида «Газета.uz» сўз юритади.

«Қодиров очко йўқотиш учун атай шунақа гапиртирилганми?» Twitter ва Telegram фойдаланувчилари мигрантлардан ҳам солиқ ундириш таклифи ҳақида

«Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров сайловчилар билан мулоқотда мигрантлардан ҳам солиқ ундириш таклифини билдирди. «Газета.uz» Twitter ва Telegram фойдаланувчиларининг ҳамда мигрантларнинг ушбу ҳолат юзасидан билдирган айрим фикр-мулоҳазаларини тақдим этади.