14 октябрдан Tashkent City боғи ҳудудига кириш бепул бўлди. Бу ҳақда боғ маъмурияти хабар берди.

«Автотранспорт воситалари кириши бундан мустасно», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 17 декабрдан Tashkent City боғига байрам арафаси ва янги йил кунларида кириш пулли этиб белгиланган эди.

Ушбу ҳолатга шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шахсий муносабатини билдирган. Унинг фикрича солиқ тўловчилар Tashkent City`га кирганида пул тўласа адолатли бўлади. Ҳоким, шунингдек, «Бир ойда сақлаб туришга 900 млн сўм, ҳар битта фонтаннинг отилишига бир кунда 1 млн сўмдан кўп пул кетади», — дея маълум қилган эди.

Январь ойида 31 мартгача Tashkent City боғига пуллик кириш тартиби сақланиб қолиши маълум қилинди.

Июнь ойида Мурод Назаров Tashkent city ишбилармонлик марказидаги қурилишлар тасдиқдан ўтмагани, ҳаттоки Hilton меҳмонхонаси ҳужжатлари ҳам энди тайёрланаётганини айтди. Бунга Tashkent city дирекцияси муносабат билдириб, «Мурод Назаровнинг фикрлари хақиқий ҳолатга тўғри келмаслиги ва асоссиз"лигини маълум қилди.

Август ойида ХДП Tashkent City мажмуасига пул тўлаб кириш «Конституция тамойилларига зид ва жамиятда табақалашувга олиб келиши, боғга кириш бепул бўлиши шартлиги»ни маълум қилди.