«Бўш деворлар — бу жиноят», — деган эди машҳур инглиз стрит-арт рассоми Бэнкси.

Фото: artchive.ru

Стрит-арт (street art) инглиз тилидан таржима қилинганда «кўча санъати» деган маънони англатади. Санъатнинг ушбу йўналиши қуйидагиларни ўз ичига олган:

  • деворий расмлар;
  • жамоат жойлари ва бошқа турли хил объектлардаги тасвирлар;
  • кўча инсталляциялари;
  • стикерлар;
  • постерлар ва ҳоказо.

Қисқача қилиб айтганда, стрит-арт тасвирий санъатнинг урбанистик услуби ҳисобланади.

Кўпчилик учун жамоат жойлари, кўчалар, хиёбонлар, метро, ер ости йўллари ва темир йўл ўтказгичларидаги графиттилар ваҳшийлик ва безориликка ўхшайди. Лекин аслида ҳам шундайми?

Стрит-арт тарафдорларининг фикрича, галерея, музей ва шахсий коллекцияларда сақланадиган санъат асарларини ҳамма ҳам кўра олмайди. Айнан шунинг учун стрит-арт рассомлари санъатнинг демократик табиати, яъни барчага очиқ бўлиши ва ҳар ким ундан баҳраманд бўла олиши учун курашишади.

Киев метроси. Рассом: Okuda. Фото: acebook.com/artunitedus

Рим метросидаги граффити. Рассом: Сета Глоубпеинтера. Фото: kulturologia.ru

Лойиҳаларнинг «ўткинчилиги» ва узоқ сақлана олмаслиги стрит-артнинг асосий ғояларидан биридир. Ҳар қандай вақтда, ўзига хос «экспонат» изсиз йўқ бўлиб кетиши, расмийлар кўрсатмаси бўйича бўяб ташланиши мумкин.

Рассомга асосийси иккита нарса керак: пуркагич бўёқ ва нима чизмоқчи бўлгани ҳақидаги аниқ тасаввур. Чунки тасвирлар асосан жуда тез ва ҳеч ким тўсқинлик қилмайдиган пайтда яратилиши керак.

Стрит-артнинг келиб чиқиши

Таъкидлаш жоиз, стрит-арт инсон онгли мавжудот сифатида пайдо бўлгандан бери мавжуд. Мазкур санъат аввал қояга ўйилган тасвирлар орқали намоён бўлган. Сўнг, цивилизацион жамиятда (Қадимги Рим, Греция, Миср ва бошқаларда) одамлар деворларга ёзувларни тушириб ўз фикрларини билдира бошлаганлар.

Милоддан аввалги 13−9 мингйилликка оид тош расмлар. Куэва-де-лас-Манос ғори, Аргентина. Фото: sergeyurich.livejournal.com

Милоддан аввалги 3 мингйилик тош расмлари, Лаас-Гааль ғорлари, Сомалиленд. Фото: sergeyurich.livejournal.com

Стрит-арт ҳаракати 1970-йилларнинг бошларида АҚШда пайдо бўлган дейилади. Бироқ, бундан бир неча ўн йиллар олдин, Иккинчи Жаҳон уруши пайтида, АҚШнинг Детройт шаҳрида Килрой (Kilroy) исмли одам яшаган. У қурол ишлаб чиқариш заводида ишлаган ва бомбалар бўлган қутига «Kilroy was here» («Килрой шу ерда бўлган») ёзувини қолдиришни жуда яхши кўрган. Бу ёзув аскарлар орасида машҳур бўлиб кетган, у оддий расм билан тўлдирилган ва ўшандан бери «Килрой» америкалик аскарлар билан саёҳат қила бошлан.

Вашингтондаги Иккинчи жаҳон уруши мемориали.Фото: wikipedia.org

Стрит-артнинг замонавий кўриниши 1960-йилларда Филадельфия (АҚШ)да ривожланган. Ушбу жой ҳалигача граффити маданиятининг тарихий маркази деб ҳисобланади.

1970-йилларда эса мазкур ҳаракат Нью-Йоркда тарқала бошлаган. Манхэттеннинг Washington Heights номли кварталида ушбу санъат турига оид ёзувлар пайдо бўлган.

Нью-Йорк. Фото: americanart.si.edu

Айнан шу пайтда «теггинг» — муаллифнинг исми ёки тахаллусини ўз ичига олган белгилар ўйлаб топилган. Шу билан бирга, тахаллус олдига кўчанинг рақамларини ёзиб қўйиш одати ҳам урф бўлган.

Шу тариқа, дунёнинг турли чеккаларида шаҳарсозлик ривожлангани сари стрит-арт ҳам тараққий этиб, замонавий урбанистик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган.

2012 йилда биринчи марта Санкт-Петербургда Стрит-арт музейи очилган. Бу музейнинг асосий мақсади — стрит-арт ва граффити ҳақида маълумот бериш ҳисобланади. Музей, шунингдек, замонавий лойиҳаларни ташкил этишда ёрдам беради, ёш рассомларни қўллаб-қувватлайди. Музей вакиллари шаҳар марказидан узоқда жойлашган саноат объектларидан фойдаланиб, ижодкорликни ривожлантиришга янгича ёндашувни жорий этишга уриниб келишмоқда.

Санкт-Петербург. Фото: visit-petersburg.ru

Стрит-арт техникалари ва услублари

Стрит-арт қуйидаги техникалар орқали ажратилади:

  • Writing — бирор услубга боғланмаган ҳолда граффитини яратиш, у ўз ичига стрит-артнинг барча кўринишдаги асарларини олади;
  • Bombing — эстремал шароитларда юқори тезликда тасвирларни тушириш;
  • Tagging — рассомнинг дастхати, никнейми (тахаллуси).

Услублари:

  • Bubble-letter — пуфакларга ўхшаш катта ҳарфлар ва йирик объектлар билан чизиладиган графика;
  • Throw-up — икки хил ранг ва оддий шаклларни ишлатган ҳолда яратиладиган расмлар, асосан Нью-Йоркда қўлланилади;
  • Character — граффитист-муаллиф услубидаги персонажлар расми;
  • Wild style — энг кенг тарқалган услублардан бири бўлиб, мураккаб расмларни ўз ичига олади ва юқори даражали маҳоратни талаб этади;
  • 3D-style — 3D услубидаги расмлар ва оптик иллюзиялар.

3D услубидаги граффити. Рассом: Серхио Одейт. Фото: 3dig.ru

Расмлар ва инсталляцияларни тушириш бўйича бир қатор техникалар мавжуд. Рассомлар ўзларининг шахсий услубларини топиб, бошқалардан ажралиб туриш учун мунтазам равишда турли хил янги йўналишларни ўйлаб топадилар.

Машҳур стрит-арт рассомлари

Banksy — ушбу рассомни замонавий санъатнинг «олтин стандарти» деб аташади. Унинг шахси ҳалигача тўлиқ очилмаган. Рассомнинг кўпгина ишлари қўриқланадиган объектлар реестрига киритилган. Бристоль шаҳридан бўлган Бэнкси бутун дунё бўйлаб ижод қилади.




Фото: banksy.co.uk

Vhils— Алекандр Фарту португалиялик рассом. Тасвирларини электрон дрель орқали яратади.

.



Фото: centerofportugal.com

Above (Tavar Zawacki) — фаолиятини АҚШда бошлаб, кейинчалик Берлинга (Германия) кўчиб ўтган. Унинг асарларида замонавий тизимдаги адолатсизлик ҳамда аҳолининг айрим қатламлари қашшоқ яшаши мавзуси кўтарилади.


Фото: urban-nation.com

Roa— белгиялик ижодкор ўз асарларида асосан мадори қолмаган, ички органлари кўриниб турган тарздаги ҳайвонларни акс эттиради. Рассом ўз ишларида рентген эффектига тақлид қилишга интилади.

Фото: kuriositas.com

C215 — кўпчилик томонидан «Бэнксига французча жавоб» деб эътироф этилган рассом Кристиан Геми инглиз ижодкори сингари трафаретлардан фойдаланади. Унинг ишлари эса нафақат юқори сифати, балки актуал бўлган ижтимоий масалаларни тарғиб қилиши билан ажралиб туради.

Фото:i supportstreetart.com

Стрит-арт Ўзбекистонда

2016 йилда Тошкент шаҳрида «Ҳаёт, бу — санъат!» шиори остида биринчи Street Art Battle фестивали бўлиб ўтган. Фестивалдан кўзланган мақсад стрит-арт имкониятини намойиш этиш ва ёшлар ижодий салоҳиятини рағбатлантиришдан иборат эди.


2020 йилда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакатда сайёҳлар оқимини рағбатлантириш учун граффитига расман рухсат беришни таклиф қилган. Шу билан бирга, граффитига фақат махсус ажратилган сайёҳлик жойларида рухсат бериш ғояси илгари сурилган. Туристик жойларга олиб борадиган кўчалар миллий маданият руҳи асосида граффити билан бўялган бўлиши кераклиги айтилган.

Ўзбекистонда маҳаллий Бэнкси номини олган граффитичи Inkuzart ҳам фаолият олиб боради. «Газета.uz» аввалроқ у билан интервьюни эълон қилган эди. Ижодкор Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Абрурауф Фитрат портретлари акс этган граффитиларни чизган эди.

Фото: Afisha.uz

Фото: inkuzart

Июнь ойи охирларида у чизган граффити — тиббий ниқобдаги Мона Лиза тасвири бўяб ташланган эди.

Сентябрь ойининг бошида Inkuzart Ўзбекистон автомобиль бозоридаги монополия ҳамда машина олиш учун узун навбатларни акс эттирган янги граффити чизган. Ушбу сурат ҳам тўлиқлигича бўяб ташланган.

Фото: inkuzart

Фото: Tentakminds / Telegram

Аввалроқ эса Inkuzart томонидан спорт гимнастикачиси Оксана Чусовитинага бағишланган граффити яратилган. Унга спортчининг ўзи ҳам баҳо берган.

Фото: inkuzart

Ўтган йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрининг Сергели туманида шифокор ва қўлидаги дўппининг ичида чақалоқ акс этган мурал пайдо бўлган.

Фото: Арсен Фазилдзянов

Август ойида Novda Group компанияси иллюстраторлари Токио-2020 олимпиадаси совриндорларига бағишланган суратларни тақдим этган. Мазкур иллюстрацияларни кўп қаватли уйларнинг деворларига тушириш таклиф этилган эди.

Фото: Novda Group

Олий Мажлис сенати раиси Танзила Нарбаева спортчиларга бағишланган муралларни қўллаб қувватлаган. «Санъатни қўллаб-қувватлаш зарур. Стрит-арт ва паблик-арт каби замонавий йўналишлари ижодкор ёшларимиз қўлида шаҳар муҳитига ўзгача тароват берувчи воситага айланиб бормоқда», — деган эди у.